Вазир Камилов терроризмга қарши кураш бўйича халқаро конференцияда қатнашади

Ўзбекистон делегацияси Тожикистонда бўлиши чоғида қатор икки томонлама учрашувлар ҳам ўтказади
Sputnik

ТОШКЕНТ, 3 май — Sputnik. Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Камилов Душанбе шаҳрида бўлиб ўтадиган терроризмга қарши кураш бўйича юқори даражали халқаро конференцияда иштирок этади. Бу ҳақда чоршанба куни Ўзбекистон ТИВ матбуот-хизмати хабар қилди.

"Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Камилов бошчилигидаги делегация 2018-йил 3-4-май кунлари Душанбе шаҳрида бўлиб ўтадиган "Терроризм ва радикализмга қарши кураш" юқори даражали халқаро конференцияда иштирок этади", — дейилади хабарда.

Матбуот-хизмати хабарига кўра, Ўзбекистон делегацияси Тожикистонда бўлиши чоғида шунингдек, қатор икки томонлама учрашувлар ҳам ўтказади.

Илгарироқ конференция ишида Тожикистон ҳукумати вакиллари, БМТнинг олий даражадаги вакиллари, дипломатик корпуслар ва фуқаролик жамияти ташкилотлари, тадқиқот ва илмий муассасалар, минтақавий ва халқаро ташкилотлар вакиллари қатнашишлари тўғрисида хабар берилган эди.