Россия экспорт марказининг Тошкентдаги ваколатхонаси шу ойда очилиши мумкин

Ҳозирда РЭМ Ўзбекистондаги саноатнинг турли соҳалари бўйича 30га яқин лойиҳани кўриб чиқмоқда.
Sputnik

ТОШКЕНТ, 2 май — Sputnik. Ўзбекистонда ўтган йили рўйхатдан ўтказилган Россия экспорт марказининг расмий ваколатхонаси яқин вақт ичида очилади, деб хабар берди Sputnik мухбири РЭМнинг республикадаги ваколатхонаси раҳбари Дмитрий Прохоренкога таяниб.

Россия Тошкентда металлургия заводи қурилишини молиялаштиради

"Ҳозирда ваколатхонани очиш учун раҳбариятимиздан кимдир келишини кутяпмиз. Ваколатхона очилишини тахминан йилнинг биринчи ярмида, эҳтимол майда амалга оширишни мўлжаллаяпмиз", — деди Прохоренко.

Унинг айтишича, айни вақтда РЭМ Ўзбекистон билан муносабатларни фаол ривожлантирмоқда. Марказ республика билан қўшма лойиҳалар сонини фақат оширишни режалаштирмоқда.

"Бу Ўзбекистонда ривожланиш салоҳиятини кўраётганимиз белгисидир, маҳаллий вазирликлар ва идоралар даражасида ўзаро алоқаларимиз яхши оқимда бормоқда. Бу ерда лойиҳалар сони ўсишини англаган ҳолда ваколатхона очишга қарор қилдик", — деди Прохоренко.

Эслатиб ўтамиз, Россия экспорт маркази Ўзбекистон ҳукумати билан атом электр станцияси қурилиши ҳамда Тошкентда қурилиши режалаштирилаётган металлургия заводи учун 141 миллион доллар кредит ажратиш масаласини муҳокама қилмоқда.

Ҳозирда РЭМ Ўзбекистондаги саноатнинг турли соҳалари бўйича 30га яқин лойиҳани кўриб чиқмоқда. РЭМ бош директори Петр Фрадков 2017 йил октябрда марказ Ўзбекистондаги Россия компаниялари лойиҳаларини молиялаштиришни қўллаб-қувватлаш учун 1 миллиард долларгача маблағ ажратишини маълум қилганди.

Гап Тошкентдаги металлургия заводини молиялаштиришдан ташқари, Қашқадарё вилоятида синтетик ёқилғи заводи қуриш, Сирдарё ИЭС ва Фарҳод ГЭСни модернизация қилишда иштирок этиш хусусида бормоқда.