Наманганда сингил ўз туғишган акасини ўлдириш учун "киллер" ёллади

Аёл жиноят амалга оширилгач, яна қўшимча равишда 1000 АҚШ доллари беришни ваъда қилган
Sputnik

ТОШКЕНТ, 1 май — Sputnik. Ўзбекистон ИИВ матбуот-хизмати хабарига кўра, 26 апрель куни Наманган вилоятининг Чуст туманида яшовчи фуқаро вилоят ИИБга ариза билан мурожаат қилиб, ўз туғишган синглиси уни қасддан ўлдириш учун қотил ёллаганлигини баён этган.

Аризада ёзилишича, сингил қотилликни амалга ошириши учун "киллерга" 1,5 миллион сўм ва 50 АҚШ доллари миқдорида пулларни М.А. исмли шахс орқали бериб юборган.

Жиноят амалга оширилгач, аёл қотилга яна қўшимча равишда 1000 АҚШ доллари беришни ваъда қилган.

Мазкур ариза юзасидан ўтказилган тезкор тадбирлар давомида жиноят ишига аралашган барча шахслар қўлга олинган.

Мазкур ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилиб, ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.