ТОШКЕНТ, 30 апр — Sputnik.Жанубий Кореянинг Woojintuplan Co. Ltd корхонаси Тошкентда мактабгача таълим муассасалари учун аудио ва видео материаллар тайёрлашга ихтисослашган замонавий медиа-марказ яратишда ёрдам беради, деб хабар қилмоқда Sputnik мухбири.
Ушбу ҳақидаги ўзаро англашув меморандуми Ўзбекистон Мактабгача таълим вазирлиги делегациясининг Жанубий Кореяга бўлган ташрифи давомида имзоланди.
Woojintuplan Co. Ltd компанияси 4 ёшдан 7 ёшгача бўлган болалар учун инглиз тили, математика, дунёнинг машҳур кишилари ҳақида ҳикоя қилиб берувчи аудио ва видео материаллар тайёрловчи медиа-марказига эга. Келажакда ана шундай медиа марказ Ўзбекистонда ҳам пайдо бўлиши мумкин.
Шунингдек, ташриф давомида Ўзбекистон Матабгача таълим ҳамда Ўрта ва махсус таълим вазирликлари ҳамда Пучон университети орасида Тошкентда Жанубий Корея ОТМининг филиалини очиш бўйича уч томонлама шартнома имзоланди.
Пучон университети – Жанубий Кореянинг энг нуфузли олийгоҳларидан биридир. Унинг 26та факультети бор. Университет турли гуманитар ва техник йўналишлар бўйича бакалавр ва магистр даражасида таълим беради. Унинг таркибида мактабгача таълим факультети ҳам бор.
Тошкент шаҳар маъмурияти Пучон университети филиали қурилиши учун Тошкентнинг Чилонзор туманида жойлашган Педагогика коллежи ҳудудида жой ажратди.
Режага кўра, Пучон университети ушбу ўқув йилидан бошлаб талабаларни қабул қила бошлайди. Биринчи йил 240 нафар талаба қабул қилинади. Улар уч йиллик балавриат дастури бўйича ўқитилади. Ундан ташқари ушбу олийгоҳ ҳузурида боғча очилиши ҳам режалаштирилмоқда.