ТОШКЕНТ, 27 апр — Sputnik. Ўзбекистон Республикаси президенти Шавкат Мирзиёев "Фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари фаолиятини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги қарорини имзолади, деб хабар қилди Sputnik мухбири.
Президент қарори фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари фаолиятининг самарадорлигини янада ошириш, фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгашининг бу соҳадаги ваколатларини кенгайтириш ва фаол иштирокини таъминлаш мақсадида қабул қилинди.
Қарорда қайд этилишича, 2018 йил 1 июлдан:
— барча фермер ва деҳқон хўжаликларининг кенгашга аъзолиги мажбурий, томорқа ер эгалари учун эса ихтиёрий ҳисобланади;
— фермер ва деҳқон хўжаликларининг кенгашда аъзолиги туман фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши раёсати қарорига мувофиқ тугатилиши ер участкасига эгалик қилиш, ундан доимий ёки муддатли фойдаланиш ҳуқуқи ёхуд уни ижарага олиш ҳуқуқи бекор бўлиши учун асос бўлади;
— фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгашлари қишлоқ хўжалигида шартнома мажбуриятларининг бажарилиши юзасидан мониторинг ҳамда жамоат назоратини амалга оширади.
Фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгашларига қуйидаги ҳуқуқлар берилди:
— уйма-уй юриш орқали деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгаларининг ер участкаларидан мақсадли ва самарали фойдаланилишини, шу жумладан, ерни тайёрлаш, уруғ, кўчат ва дарахтлар экиш, иссиқхоналар қуриш, чорва ва паррандаларни кўпайтириш ҳолатини даврий мониторинг қилиб бориш;
— Кенгаш аъзолари — фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгаларига тегишли ер участкаларидан мақсадли ва самарали фойдаланиш зарурлиги тўғрисида кўрсатмалар бериш;
— туман ҳокимларига фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгаларининг тегишли ер участкаларига бўлган ҳуқуқларини ер қонунчилигига мувофиқ тугатиш зарурлиги тўғрисида кўриб чиқилиши мажбурий бўлган таклифлар киритиш.