Ўзбекистонда 1993 йилгача қабул қилинган идоравий ҳужжатлар ўз кучини йўқотади

Қисқа муддат ичида Вазирлар Маҳкамасига ўз кучини йўқотаётган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ўрнига янгиларини ишлаб чиқиш бўйича чора-тадбирлар режаси лойиҳаси киритилади
Sputnik

ТОШКЕНТ, 27 апр – Sputnik. Ўзбекистон ҳудудида 1993 йил 17 июнгача қабул қилинган ва Адлия вазирлигида рўйхатдан ўтмаган умуммажбурий идоравий ҳужжатлар, шу жумладан, собиқ СССРнинг идоравий ҳужжатлари ўз кучини йўқотади. Бу ҳақда Адлия вазирлиги Телеграм канали хабар бермоқда.

Вазирликнинг билдиришича, айнан 1993 йил 17 июнга қадар вазирликлар, давлат қўмиталари ва идоралар умуммажбурий тусдаги норматив ҳужжатлар ҳуқуқий экспертизадан ўтказилмаган, мазкур ҳужжатлар рўйхатга олингач уларга ўзгартириш киритилганда ҳам бирон-бир идора билан келишилмаган. Ҳар бир идора ўз фойдасига қонун ҳужжатларини қабул қилиб, иш юритаверган.

"Бу ҳужжатлар Конституциямизга ёки қонун ҳужжатларига тўғри келадими-йўқми, назорат қилинмаган. Чунки бундай ваколат тайинли бирон ташкилот зиммасига юкланмаган эди. Айнан 1993 йил 17 июнда Вазирлар Маҳкамасининг тегишли қарори қабул қилиниб, унга кўра вазирликлар, давлат қўмиталари, идоралар умуммажбурий бўлган норматив ҳужжатлар (буйруқлар, низомлар, йўриқномалар ва бошқалар)ни тайёрлаётганларида уларнинг лойиҳаларини экспертизадан ўтказиш учун Адлия вазирлигига тақдим этишлари мажбурий этиб белгиланди. Шу сабабли 1993 йил 17 июнгача қабул қилинган умуммажбурий бўлган идоравий ҳужжатлар ўз кучини йўқотиши назарда тутилмоқда", — дейилади хабарда.

Ўзбекистонда 2019 йил 1 январдан собиқ СССРнинг идоравий ҳужжатлари ўз кучини йўқотади

Хабар қилинишича, шу йилнинг 23 апрел куни Адлия вазирлигида 25 та манфаатдор давлат ташкилотлари билан биринчи ишчи йиғилиш ўтказилди. Унда 1993 йилгача қабул қилинган юзга яқин қонун ҳужжатларининг долзарблиги жиддий ўрганилиб, уларнинг айримлари янги таҳрирда қабул қилиниши юзасидан таклифлар билдирилди.

"Йиғилиш давомида аниқланган айрим ҳолатлар, жумладан, ходимларга 1985-1986 йилларда қабул қилинган Турли мутахассисликлар бўйича соатбай ишлайдиган ходимлар учун ягона соҳа меъёрлари асосида бугунги кунга қадар ойлик тўланиб келинаётганлиги кўпчиликни таажжублантирди", — деб ёзилади хабарда.

Шу билан бирга йиғилиш иштирокчилари давлат пенсиялари ва нафақаларини тайинлаш ҳамда тўлаш тартиби, ҳарбий хизматчилар учун пенсия таъминоти тизимини ташкил этиш, уларнинг оилалари ва Мудофаа вазирлиги нафақахўрларига ижтимоий хизмат кўрсатиш, соғлиқни сақлаш тизимини тартибга солишга доир қонун ҳужжатларининг муҳим жиҳатларига ҳам тўхталиб ўтишди.

Вазирлик қисқа муддат ичида Вазирлар Маҳкамасига ўз кучини йўқотаётган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ўрнига янгиларини ишлаб чиқиш бўйича чора-тадбирлар режаси лойиҳаси киритилишини маълум қилган.

Маълумот ўрнида келтирилишича, юқорида келтирилган тартибга кўра, Ички ишлар, Соғлиқни сақлаш ва Адлия вазирликлари томонидан 1992 йил 18 апрелда тасдиқланган "Транспорт воситаларини бошқараётган шахсларни мастлик ҳолатини аниқлаш учун тиббий текширувига йўллаш ҳамда алкоголь ёки таркибида алкоголь бўлган ичимликларни, гиёҳванд ёки бошқа гангитувчи моддаларни истеъмол қилганлик ҳолларини аниқлаш тартиби тўғрисидаги Йўриқнома" ҳам ўз кучини йўқотади.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқЎзбекистонда 2019 йил 1 январдан собиқ СССРнинг идоравий ҳужжатлари ўз кучини йўқотиши ҳақида хабар қилинган эди.