Ўзбекистон Тольяттида текстил фабрикаси очишни мўлжалламоқда

Ўзбек делегацияси Тольяттида бўлиб, россиялик ҳамкасблари билан таълим ва туризм соҳасида ҳамкорлик масалаларини ҳам муҳокама қилди.
Sputnik

ТОШКЕНТ, 26 апр — Sputnik. Ўзбекистон Тольяттида текстил фабрикаси ва савдо уйи очишни мўлжалламоқда.

Шу кунларда ўзбек делегацияси Тольяттида бўлиб, россиялик ҳамкасблари билан иқтисод, таълим ва туризм соҳасида ҳамкорлик масалаларини  ҳам муҳокама қилди.

Шаҳар округи маъмурияти матбуот хизматининг хабар беришича, ўзбекистонлик меҳмонлар бу ерда Қарши шаҳри тақдимотини ўтказишди ҳамда унинг туристик ва маданий объектлари ҳақида маълумот беришди.

Тольяттиликлар ўз навбатида Ўзбекистон вакилларини шаҳарнинг саноат ва иқтисодий салоҳияти ҳамда диққатга сазовор жойлари билан таништиришди.

Ўзбекистонлик меҳмонлар шаҳарда текстил фабрикаси ва Ўзбекистон савдо уйи очиш режаларини билдиришди.

Учрашувлар якунида тез орада Тольяттида Ўзбекистон савдо уйини очиш ишларини бошлашга келишиб олинди.