Пекинда Абдулазиз Камилов Ҳиндистон Ташқи ишлар вазири билан учрашди

Томонлар Ўзбекистон-Ҳиндистон кун тарибининг долзарб масалаларини муҳокама қилди ва ўзаро муносабатлардаги янги динамика ва ижобий тенденцияларни таъкидлаб ўтди.
Sputnik

ТОШКЕНТ, 24 апр — Sputnik. 2018 йил 23 апрел куни Пекинда Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Камилов Ҳиндистон Ташқи ишлар вазири Сушма Свараж билан учрашди.

Учрашув давомида томонлар Ўзбекистон-Ҳиндистон кун тарибининг долзарб масалаларини муҳокама қилди ва ўзаро муносабатлардаги янги динамика ва ижобий тенденцияларни таъкидлаб ўтди.

2017 йил натижаларига кўра икки томонлама савдо ҳажми 323,6 миллион долларини ташкил этди. Бу беш йил аввалги кўрсаткичдан деярли икки баробар кўп.

Вазирлар Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг Ҳиндистонга бўлажак давлат ташрифига тайёргарлик борасида фикр алмашиб, унинг ижобий якунланишидан иккала томон ҳам манфаатдор эканлигини тасдиқлаб ўтишди.

Учрашувда Ташқи ишлар вазирликлари ўртасида сиёсий маслаҳатлашувларнинг навбатдаги раунди, савдо-иқтисодий ва илмий-техникавий ҳамкорлик бўйича Ҳукуматлараро комиссия, Терроризмга қарши курашиш бўйича қўшма ишчи гуруҳи мажлисларини ўтказиш бўйича таклифлар кўриб чиқилди.

Ташқи сиёсат идоралари раҳбарлари шу куни ишни бошлаётган Шанхай ҳамкорлик ташкилоти Ташқи ишлар вазирлари кенгаши мажлисларининг кун тартибини муҳокама қилишди.