ТОШКЕНТ, 24 апр- Sputnik. Иккинчи жаҳон урушида қозонилган ғалабанинг 73 йиллиги шарафига "Аэрофлот" компанияси шу йилнинг 3 майидан 12 майигача фахрийларга мўлжалланган анъанавий акциясини амалга оширади. Бу ҳақда компания матбуот хизмати хабар бермоқда.
Россия, МДҲ, Болтиқбўйи давлатлари ва Грузияда яшовчи ҳамда ушбу давлатларнинг фуқароси ҳисобланган Иккинчи жаҳон уруши фахрий ва ногиронлари ҳамда фашизмнинг собиқ вояга етмаган маҳкумларига эконом классда тўлиқ бепул учиш ҳуқуқи берилади. "Аэрофлот" нафақат тариф, балки барча солиқ ва йиғим тўловларини тўлашни ҳам ўз зиммасига олади. Шунингдек, байрам акциясининг ҳар бир иштирокчиси ўзи билан бир нафар ҳамроҳнинг бепул парвозини расмийлаштириши мумкин.
Иккинчи жаҳон урушининг барча тоифадаги фахрий ва ногиронларига ҳамда фашизмнинг собиқ вояга етмаган маҳкумларига акция ўтказилиши даврида Россия ичида ва қуйидаги мамлакатлар орасида учиш имконияти берилади: Ўзбекистон, Озарбайжон, Арманистон, Белоруссия, Қирғизистон, Қозоғистон, Латвия, Эстония, Литва, Молдавия, Грузия.
"Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиси" ва "Иккинчи жаҳон уруши ногирони" тоифасидаги фахрийларга Россия ва МДҲ мамлакатлари ҳамда Болтиқбўйи, Грузиядан Европанинг қуйидаги давлатларига ҳам учиш имконияти тақдим этилади: Болгария, Венгрия, Германия, Польша, Руминия, Сербия, Хорватия, Австрия ва Чехия.
Ушбу акция доирасидаги авиаташувлар фақат шу йилнинг 3-12 май даврида амалга оширилади. Имтиёзли авиабилетларни расмийлаштириш 24 апрелдан 12 майгача давом этади. Акция шартига кўра тақдим этилган авиабилетнинг амал қилиш муддати бир ой.
Акция "Аэрофлот" гуруҳининг "Аэрофлот" ОАЖ тижорат бошқарувидаги рейсларга (SU5000 — SU6999) тўлиқ ҳажмда татбиқ этилади. Акция "Аэрофлот" ОАЖнинг бошқа авиакомпаниялар билан "код-шеринг" келишуви бўйича амалга оширадиган рейсларига (SU3000 — SU4999) татбиқ этилмайди.