Адлия вазирлиги Хотира ва Қадрлаш куни муносабати билан флэшмобга старт берди

Вазирлик ходимлари уруш йилларига бағишланган турли видео ва расмларни ижтимоий тармоқларга жойлаштиришни режалаштиришган
Sputnik

ТОШКЕНТ, 24 апр — Sputnik. 9 май — Хотира ва Қадрлаш куни муносабати билан Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиларини хотирлаш мақсадида Адлия вазирлиги томонидан #xotirakuniadliya хэштег номи билан флэшмобга старт берилди.

Мазкур хэштег билан вазирлик ходимлари уруш йилларига бағишланган турли видео ва расмларни ижтимоий тармоқларга жойлаштиришни режалаштиришган.

"Бу саъй-ҳаракатлар аждодларимизнинг букилмас иродаси ва қаҳрамонлик ҳаракатлари, 1941-1945 йиллардаги уруш ва меҳнат фронти фахрийлари хотирасига ҳамда мустақиллик йилларида хизмат бурчини бажариш чоғида ҳалок бўлган ҳарбий хизматчилар ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ходимларининг оилаларини улуғлаш, ёш авлодни миллий анъаналаримизга садоқат ва умуминсоний қадриятларга ҳурмат руҳида камол топтириш мақсадида амалга оширилмоқда", — дейилади хабарда.

Вазирлик "Ҳарбий йиллар ҳақида энг яхши ҳикоя" (бобо-бувиларнинг ҳикоялари, уруш ҳаёти ҳикоялари, адлия ветеранларининг ўз ишлари ҳақида ҳикоялар, мустақил Ўзбекистон ҳарбий хизматчиларининг ҳикоялари ва ҳ.к.), "Хотира ва Қадрлаш куни энг яхши табрик" (табрик шеърий, насрий, видеоролик кўринишида, табрик матнларини ўқиш, қўшиқ куйлаш шаклида бўлиши мумкин) танловларини эълон қилди. Танлов ишлари Адлия вазирлигининг "Адлия билан мулоқот/Диалог с юстицией" саҳифасига жойлаштирилиши мумкин. Энг кўп миқдорда лайк олган постлар учун Адлия вазирлигининг махсус совғаси тайёрланган.

Адлия вазирлиги ташаббуси билан бошланган акцияни вазирлик ходимлари бошлаб берди. Улар жойларда уруш гувоҳларининг уйларига бориб, улар ҳолидан хабар олишди.