Хоразм ҳокими ишдан кетди

Хоразм вилоятига ҳоким вазифасини бажарувчи этиб Беруний туманининг собиқ ҳокими Фарҳод Эрманов тайинланди.
Sputnik

ТОШКЕНТ, 22 апр — Sputnik. Хоразм вилояти ҳокими Илгизар Собиров аризасига мувофиқ лавозимидан озод этилди. Вилояти ҳокимлигининг расмий сайтида айни дамда ҳоким лавозими вакант этиб кўрсатилган.

Маҳаллий ОАВлар хабарига кўра, айни дамда Хоразм вилоятига Қорақалпоғистон Республикаси Беруний туманининг собиқ ҳокими Фарҳод Эрманов вилоят ҳокими лавозимини бажарувчи этиб тайинланган.

Фарход Уразбаевич Эрманов 1958 йилда туғилган. 1981 йилда Тошкентдаги Ирригация институтини ҳамда 1996 йилда Тошкент Иқтисодиёт университетини битирган.

1995-1998 йилларда Амударё тумани ҳокими, 2004-2010 йилларда Қорақалпоғистон Республикаси қишлоқ хўжалиги вазири бўлган. 2010 йилдан буён Беруний тумани ҳокими. Сенат аъзоси, Қонунчилик ва суд-ҳуқуқ масалалари қўмитаси аъзоси.