ТОШКЕНТ, 19 апр – Sputnik. Туркия ички ишлар вазири ўринбосари Ахмет Авшар бошчилигидаги делегация Ўзбекистон Ички ишлар вазирлигига ташриф буюрди. Бу ҳақда Ўзбекистон ИИВ Жамоатчилик ва оммавий ахборот воситалари билан алоқалар бошқармаси хабар қилди.
Меҳмонларни Ўзбекистон ички ишлар вазирининг биринчи ўринбосари генерал-майор Даврон Назармухамедов қабул қилди.
Учрашувда томонлар икки томонлама ҳамкорлик масалаларини мустаҳкамлаш, ўзаро тажриба алмашиш юзасидан фикр алмашдилар.
Ташрифнинг иккинчи кунида жиноятчиликка қарши курашиш ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш тизимининг таълим соҳасидаги ҳамкорлик ҳамда хавфсизлик ва жиноятчиликка қарши курашиш бўйича икки томонлама ҳамкорлик механизмини яратишга қаратилган таклифларни биргаликда ишлаб чиқиш юзасидан ҳукуматлараро халқаро шартномалар лойиҳаси бўйича экспертлар йиғилиши ва музокаралар ўтказилиши режалаштирилган.
Шунингдек, меҳмонлар Самарқанд шаҳрининг диққатга сазовор жойларига ҳам ташриф буюрадилар.