ТОШКЕНТ, 19 апр — Sputnik. Ўзбекистонда имомлар бепул уй-жойлар билан таъминланадиган бўлди.
Бу ҳақда Ўзбекистон президентининг 16 апрель куни имзоланган "Диний-маърифий соҳа фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги Фармонида айтиб ўтилган.
Фонд маблағлари ҳисобидан ушбу идора тизимидаги диний-маърифий ташкилотларда фаолият юритаётган ходимларга, шу жумладан имом-хатибларга ойлик иш ҳақи тўланади, фаолият юритаётган уй-жойга муҳтож ходимлар хизмат уй-жойлари билан таъминланади.
Бундан ташқари, фонд маблағларига янгиланган намунавий лойиҳалар бўйича қурилаётган уй-жойлар сотиб олиниб, кўп йиллар давомида намунали фаолият юритаётган, уй-жойга муҳтож имом-хатибларга текинга берилади.
Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамаси, Қорақалпоғистон Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг буюртмасига асосан идора тизимидаги диний-маърифий ташкилотлар ходимларига хизмат уй-жойлари ва уларга сотиб олиб бериш учун янгиланган намунавий лойиҳалар бўйича қурилаётган уй-жойларнинг ажратилишини таъминлайди.