ТОШКЕНТ, 18 апр — Sputnik. Америка Қўшма Штатлари Россия Федерациясига нисбатан яқин вақт ичида санкциялар киритишни режалаштирмаяпти. Шахсан мамлакат президенти Дональд Трамп ана шундай фармойиш берди, деб хабар қилди РИА Новости президент маъмуриятидаги манбасига таяниб.
Шу билан бирга Америка ҳукумати чоралар киритишдан воз кечмайди, фақат Россиянинг ўзини қандай тутишини кутиб туради.
Якшанба куни Вашингтон "Россияга қарши санкциялар тайёр"лигини билдирганди. Оқ уй Кремлни Сурия етакчиси Башар Асадни қўллаб-қувватлашда айбламоқда. У кимёвий қурол қўллашда гумон қилинмоқда.
Аввалроқ АҚШ Россия ва Сурияни Шарқий Ғутадаги кимёвий ҳужумларда иштирок этганликда айблаганди. Америка ҳарбийлари Франция ва Буюк Британия билан ҳамкорликда Суриядаги учта объектга зарба бериши оқибатида уч киши жароҳатланганди. Россия ТИВ Сурия ҳарбийлари хлорли бомбадан фойдаланишгани ҳақидаги хабарни рад этмоқда.