Президент эртага Бухоро ва Навоий вилоятларига ташриф буюради

Шавкат Мирзиёев Бухорода "Ўзбекнефтгаз" миллий холдинг компанияси билан Россиянинг "Лукойл" компанияси ҳамкорлигида қурилган Қандим газни қайта ишлаш мажмуасининг очилиш маросимида иштирок этади
Sputnik

ТОШКЕНТ, 18 апр – Sputnik. Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 19 апрель куни Бухоро ва Навоий вилоятларига ташриф буюради. Бу ҳақда президент матбуот котиби Комил Алламжонов ижтимоий тармоқдаги саҳифасида хабар берди.

"Давлатимиз раҳбари Бухорода "Ўзбекнефтгаз" миллий холдинг компанияси билан Россиянинг "Лукойл" компанияси ҳамкорлигида қурилган Қандим газни қайта ишлаш мажмуасининг очилиш маросимида иштирок этади", — дейилади хабарда.

Апрелда Қандим газ мажмуасининг иккинчи навбати ишга туширилади

Шунингдек, Алламжоновнинг маълум қилишича, "Навоийазот" акциядорлик жамияти томонидан жаҳон бозорида харидоргир кимё маҳсулотлари ишлаб чиқарадиган учта завод барпо этилмоқда. Президент Навоий вилоятига ташрифи чоғида ушбу заводлар қурилишининг бориши билан танишади.

Эслатиб ўтамиз, Қандим газни қайта ишлаш мажмуаси "Лукойл" газ қазиб олиш бўйича "Ўзбекнефтгаз" АЖ билан ҳамкорликда амалга ошираётган "Қандим-Хаузак-Шоди-Қўнғирот" лойиҳасининг асосий қисмларидан бири ҳисобланади. Лойиҳа бўйича маҳсулотлар тақсимоти тўғрисидаги келишув 2004 йилда имзоланган эди. Хаузак-Шоди участкасида газ қазиб олиш ишлари 2007 йилда бошланган бўлса, Ғарбий Шоди участкасида — 2011 йилдан йўлга қўйилди.

Келишувни амалга оширишнинг навбатдаги босқичи Қандим конлар гуруҳини ўзлаштиришдан иборат. Ускуналарни етказиш, Қандим газни қайта ишлаш мажмуаси қурилиши ва конни жиҳозлаш бўйича шартнома 2015 йил февралида имзоланган.

Қандим конлари гуруҳи 6 та газ конденсати конларидан иборат. Булар Қандим, Қувачи-Олот, Оққум, Парсанкўл, Хожи ва Ғарбий Хожи конларидир.