ТОШКЕНТ, 18 апр — Sputnik. Ўзбекистон туризмни ривожлантириш бўйича Марказий Осиё давлатлари ичида энг юқори салоҳиятга эга давлат, деди Россия Халқлар дўстлиги университети меҳмонхона бизнеси ва туризм институти директори Светлана Дихтяр Sputnik мухбири билан суҳбатда. Аммо унинг фикрича, ушбу соҳа ривожланиши учун малакали мутахассислар керак.
"Афсуски, мамлакатда мавжуд туризм салоҳиятидан тўлақонли фойдаланилмаяпти. Биринчи навбатда ушбу соҳада ишлаётган ва ишлайдиган мутахассислар ҳақида ўйлаш керак. Чунки малакали мутахассислар бўлмаса, жозибали тарихий ёдгорликларнинг ўзи билан туристлар оқимини кўпайтиришнинг иложи йўқ", — деди у.
Унинг айтишича, ўтган йили Ипак йўлида жойлашган давлатларда туризмни ривожлантириш бўйича катта илмий лойиҳага қўл урилди. Етти давлатнинг саккиз олий ўқув юрти ҳамкорликда минтақа туристик салоҳиятини ўрганди ва ўзаро тажриба алмашди. Лойиҳа бу йил ҳам давом этади ва турли экспедициялар ташкил этилади. Ўзбекистондан мазкур лойиҳада Самарқанд иқтисодиёт ва сервис институти иштирок этмоқда.
Лойиҳа доирасида шу йилнинг кузида катта симпозиум ўтказилиши реажалаштирилган.