Ўзбекистонда халқаро ислом академияси ва диний телеканал ташкил қилинади

Ўзбекистонда диний таълимнинг барча босқичларини қамраб олувчи янги таълим муассаси ва “Зиё” диний-маърифий медиа маркази ташкил қилинмоқда.
Sputnik

ТОШКЕНТ, 17 апр – Sputnik. Ўзбекистонда мавжуд бўлган бир неча диний таълим муассасалар фаолиятини умумлаштирувчи, янги таълим муассасаси — Ўзбекистон халқаро ислом академияси ташкил қилинади. Бу ҳақида президентнинг янги қарорида айтиб ўтилган.

Янги таълим муассасаи Ўзбекистон мусулмонлари идораси ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита муассислигида бўлади.

Қуръон илмлари, ҳадис, ислом ҳуқуқи, ақида, тасаввуф, ислом иқтисодиёти ва молияси, халқаро муносабатлар, хорижий тиллар (араб, форс, инглиз, рус, урду, турк ва б.) ва бошқа халқаро миқёсда эҳтиёж мавжуд бўлган соҳалар бўйича малакали кадрларни тайёрлашга ихтисослашган бўлади.  

Халқаро ислом академияси Диний ва дунёвий билим беришга ихтисослашган етакчи таълим ва илмий-тадқиқот муассасаси ҳисобланади ва ушбу соҳадаги таълимнинг барча босқичларини ўз ичга қамраб олади. Хусусан:

  • ўрта махсустаълим;
  • олий таълим;
  • олий таълимдан кейинги таълим;
  • малака ошириш. 

Халқаро Ислом академияси Давлат бюджети маблағлари ва қонунда тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан молиялаштирилади.

Ўзбекистон халқаро ислом академияси — ҳуқуқ ва мажбуриятлар бўйича қайта ташкил этилаётган Ўзбекистон ислом академиясининг ҳамда Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Тошкент ислом университетининг ҳуқуқий вориси ҳисобланади.

Ўзбекистонда Ислом академияси ташкил этилади

Халқаро ислом академияси битирувчиларига умумтаълим мактаблари, ўрта махсус ва олий таълим муассасаларида соҳага тегишли фанлар бўйича педагогик фаолият билан шуғулланиш ҳуқуқи берилади.

Қорақалпоғистон Республикаси, Самарқанд, Наманган ва Сурхондарё вилоятларида Ўзбекистон халқаро ислом академияси таркибига кирувчи минтақавий малака ошириш филиаллари ташкил қилинади.

Малака ошириш маркази ва унинг минтақавий филиалларида имом-хатиблар, имом ноиблари, диний соҳа мутахассислари, давлат ва жамоат ташкилотлари ходимлари, олий ва ўрта таълим муассасаларининг соҳага тегишли педагог кадрлари қайта тайёргарликдан ўтади ва малака оширади.

“Зиё” медиа маркази

Ўзбекистон халқаро ислом академияси ҳузуридаги асосий медиа тузилма — “Зиё” медиа маркази ташкил этилади. Унинг асосий вазифаси:  диннинг асл инсонпарварлик моҳиятини, Ўзбекистонлик алломалар ислом ва жаҳон цивилизациясига қўшган диний-илмий меросини, диний-маърифий ҳаётдаги янгиликларни жамоатчиликка етказиш бўлади.

Диний уламоларнинг ОАВларда чиқишлари кўпайтирилади

Вазирлар Маҳкамаси уч ой муддатда “Зиё” медиа маркази ишини самарали ташкил этиш мақсадида уни алоқа воситалари, кенг қамровли Интернет тармоғи, замонавий телестудия, телевизион ускуналар жамланмаси, компьютер техникалари, дастурий таъминот ва бошқа техника воситалари билан таъминлайди.

Шунингдек, “Зиё” медиа маркази 2021 йилнинг 1 майига қадар тасдиқланадиган рўйхатлар бўйича замонавий телестудия ташкил этиш учун зарур бўлган асбоб-ускуналар, компьютер ва сервер техникаси ва бошқа моддий-техника ресурсларини олиб кириш учун божхона тўловларини тўлашдан озод этилади.