Москвадан Қаршига янги рейс очилмоқда

Барча парвозлар "Бизнес" ва "Эконом" тоифасидаги салонлар билан жиҳозланган Airbus авиалайнерларида амалга оширилиши айтилмоқда
Sputnik

ТОШКЕНТ, 17 апр – Sputnik. "Уральские авиалинии" компанияси Москвадан Қаршига янги рейс йўлга қўйилишини маълум қилди.

Компания сайтида билдирилишича, шу йил 2 майдан Москва (Домодедово) – Қарши йўналиши бўйича парвозлар амалга оширила бошланади. Самолётлар Москвадан Қаршига сешанба ва чоршанба кунлари, Қаршидан Москвага эса сешанба ва пайшанба кунлари парвоз қилади.

Барча парвозлар "Бизнес" ва "Эконом" тоифасидаги салонлар билан жиҳозланган Airbus авиалайнерларида амалга оширилиши айтилмоқда.

Сайтдаги маълумотга кўра, Москвадан Қаршига авиабилетни 9 минг рубл (бугунги курс бўйича 147 доллар)га сотиб олиш мумкин.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Россия Транспорт вазирлиги Ўзбекистонга парвозлар сонини икки баробарга кўпайтириш бўйича келишувга эришилганини маълум қилганди.