Азизбек Абдуғофуров: чемпионлик жангида мухлислар қўллаб-қувватлови менга далда бўлади

Ўзбекистонлик профессионал боксчи Азизбек Абдуғофуров россиялик Дмитрий Чудинов билан бўлажак жанг олдидан ўз фикрлари билан ўртоқлашди
Sputnik

ТОШКЕНТ, 14 апр — Sputnik. Ўзбекистонлик профессионал боксчи Азизбек Абдуғофуров WBC Silver камари учун учун бўладиган жанг олдидан россиялик рақиби Дмитрий Чудиновни яхшилаб ўрганганлигини айтди.

Унинг айтишича, россиялик рақибининг барча жангларини кўриб, унинг кучли ва заиф томонларини ўрганишган.

— Машғулотларда асосан тезликка эътибор қаратдик. Келаси ҳафтадан спарринг машғулотларига киришамиз, — деди у Sputnik мухбири билан суҳбатда.
Андижон вилояти Қўрғонтепа туманида туғилган 26 ёшли Азизбек Абдуғофуров 2003 йилдан буён бокс билан шуғулланади. У ҳаваскор боксда икки марта Ўзбекистон чемпиони бўлган, Ўзбекистон кубоги соҳиби, Қозон шаҳрида ўтказилган Жаҳон универсиадасида 2-ўринни қўлга киритган. Ҳозирда Малайзиянинг Куала-Лумпур шаҳридаги промоутерлик компанияси билан ҳамкорлик қилади.

Узбекский боксер Азизбек Абдугофуров

- Малайзияга боришингиз қандай бўлган?— сўраймиз ундан.

— Малайзияда ўтказилган мусобақаларда жангимизни маҳаллий промоутерлар кузатишган экан. Жанглардан сўнг менга шу ерда профессионал бокс билан шуғулланишимни таклиф қилишди,- дейди у. — Ўша пайтда Ўзбекистон терма жамоаси сафида мусобақаларда иштирок этаётганим учун уларнинг таклифига рад жавобини берганман. 2016 йилда яна бир бор таклиф билан чиқишганидан сўнг у ерга бордим ва шартнома имзоладим.Унинг айтишича, ҳозирда Малайзияда Азизбек билан бирга Қудратилло Абдуқаҳҳоров, Улуғбек Собиров, Анвар Туропов ва Жасур Аҳмаджоновлар профессионал рингда Ўзбекистон шарафини ҳимоя қилишмоқда.Азизбекнинг энг ёқтирган боксчиси Флойд Мейвезер экан.

Унинг фикрича, Ўзбекистон бокс мактаби дунёдаги етакчи мактаблардан бири ҳисобланади.

— Ҳамюртларимиздан Ҳасанбой Дўсматов ва Исроил Мадримовларнинг жангларини диққат билан кузатиб бораман. Умуман олганда, терма жамоамиздаги ҳар бир боксчи чемпион бўлиш имкониятига эга, — деди у.

Узбекский боксер Азизбек Абдугофуров

Эслатиб ўтамиз, Азизбек Абдуғофуров ва Дмитрий Чудинов ўртасидаги WBC Silver камари учун жанг 5 май куни Тошкентда бўиб ўтади.

Чудинов 21 жангда ғалаба қозонган (13 нокаут), икки бор мағлубиятга учраган ва икки марта дурангга эришган.

Абдуғофуров ўнта жанг ўтказиб, уларнинг барчасида ғалаба қозонган (тўрт нокаут). У шу йилнинг 17 март куни Малайзиянинг Куала-Лумпур шаҳрида ўтказилган жангида Жанубий африкалик Алфонсо Тиссенни мағлубиятга учратган.

Азизбек сўзи охирида ўзбекистонлик бокс мухлисларининг залда қўллаб-қувватлашлари унга далда бўлишини алоҳида таъкидлади.