ТОШКЕНТ, 13 апр — Sputnik. Ўзбекистонда божхона органларининг мансабдор шахсларига нисбатан прокуратура органлари томонидан талон-торож қилиш, мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш ва бошқа жиноятларни содир этганлик учун жиноят ишлари қўзғатилганлиги расмий равишда тасдиқланди, деб хабар қилди Sputnik мухбири президент фармонига асосланган ҳолда.
"Талон-торож қилиш, мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш ва бошқа жиноятларни содир этганлик учун божхона органларининг мансабдор шахсларига нисбатан прокуратура органлари томонидан жиноят ишлари қўзғатилганлиги ва тергов олиб борилаётганлиги маълумот учун қабул қилинсин", — дейилган "Ўзбекистон Республикаси давлат божхона хизмати органлари фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги президент фармонида.
Бундан аввал хорижий ОАВнинг бир қатор ўзини маълум қилмаган манбаалар, Бош прокуратура Давлат божхона қўмитасида текширув бошланганлигини маълум қилинганди. Шу билан бирга, феврал ойи бошида Давлат божхона қўмитаси раиси Муиджон Тохирий эгаллаб турган лавозимидан озод этилиб, унинг ўрнига бош прокурор ўринбосари Муроджон Азимов тайинланганди.
Президент фармонида "божхона назорати ва расмийлаштирувининг мураккаб тартиб-таомиллари ва узоқ муддатлари, божхона органлари ходимлари ўртасидаги коррупциявий ҳуқуқбузарлик ва хизмат ваколатларини суиистеъмол қилиш ҳолатларининг сақланиб қолаётганлиги ислоҳотларнинг тўлиқ амалга оширилишига тўсқинлик қилмоқда" алоҳида кўрсатиб ўтилган.
Бундан ташқари, ташқи савдо операцияларини мониторинг қилиш соҳасида идоралараро ва халқаро ҳамкорликнинг суст ташкил этилганлиги контрабанда ва контрафакт маҳсулотларни олиб киришнинг олдини олиш вазифаларини самарали бажариш, божхона тўловларини тўлашдан бўйин товлаш схемаларини аниқлаш имконини бермаяпти.
Юзага келган вазиятни тўғрилаш учун Ўзбекистон президенти Давлат божхона қўмитаси раисига юқори профессионал маҳорат, ахлоқий ва маънавий сифатларга эга, ҳар томонлама етук ва ватанпарвар ёшларни божхона органларига жалб этишга йўналтирилган кадрларни танлаш ва жой-жойига қўйишнинг принципиал жиҳатдан янги тизимини яратиш тўғрисида топшириқ берди.
Шу билан бирга, ходимларнинг хизматга бўлган муносабатини тубдан ўзгартириш, қонунбузилишининг барча кўринишларига нисбатан муросасиз муносабат муҳитини яратиш, жамоада соғлом муҳитни шакллантириш ҳамда фидокорона хизмат қилаётган ходимларни ҳар томонлама рағбатлантириш, хизмат интизомини ҳамда қонунчилик талабларини қўпол равишда бузган ходимларни интизомий ва бошқа жавобгарликларга тортиш бўйича чоралар кўриш ҳақида вазифалар берилди.