ТОШКЕНТ, 13 апр — Sputnik, Андрей Григорьев, Андрей Станавов. Москва шаҳридаги Таганская туман суди Роскомнадзорнинг Россияда Telegram ни блоклаш ҳақидаги даъво аризасини қаноатлантирди. Далилларни келтириш учун бир соатга яқин, қарор қабул қилиш учун эса атиги 30 дақиқа вақт кетди. Энг оммабоп мессенжерлардан бири нега блок қилинди ва бу қандай оқибатларга олиб келиши мумкинлиги ҳақида — РИА Новости журналистлари таҳлилий мақоласида фикр юритилади.
Твиттер-дипломатия
"Биринчи навбатда Дуровга ишонган ва унинг сервери билан ишлашни бошлаган профессионаллар жабр кўради, — деб изоҳ берди РИА Новостига ижтимоий тармоқ ва мессенжерлар профессионал фойдаланувчилари Ассоциацияси раҳбари Владимир Зыков. — Улар ўз каналларини ривожлантириш учун куч, энергия ва катта маблағларни сарфлашган, эндиликда эса узоқ йиллар давомида шакллантирилган контентдан маҳрум бўлишади. Зарар миқдори юз миллионлаб рублларда ўлчаниши мумкин. Бундан ташқари, Россияда Telegram асосида яратилган мессенжерлар ҳам кўп, уларнинг ҳам барчасини блоклаб ташлашга тўғри келади".
Унинг сўзларига кўра, маълумотни ҳимоя қилиш борасида Telegram бошқа мессенжерлардан кўпам фарқ қилмайди. "Мисол учун, Viber ни олайлик: у ерда ҳам шифрлаш коди — "махфий чат" бор, — давом этади эксперт. — Яъни хабарлар серверни айланиб ўтган ҳолда фойдаланувчининг қурилмасидагина шифрланади ва расшифровка қилинади. Агар сиз "махфий чат"да ўзаро хат ёзишган бўлсангиз, сўнгра бошқа қурилмадан аккаунтга кирсангиз — ёзишмани ўқий олмайсиз".
Зыковнинг таъкидига кўра, махсус хизматларнинг Telegram га бўлган ўта кучли қизиқишига Павел Дуровнинг ўзи сабабчи. Яъни у шифрлаш калитларини бермаслиги туфайли ушбу ҳолат юзага келди. "Сервис дарҳол тушунарсиз шахслар эътиборини тортди. Уни ҳаттоки наркотиклар, болалар порноси ва бошқа қонунга хилоф контентлар сотиладиган онлайн-майдонга тенглаштиришди, — дейди эксперт. — Дуров фойдаланувчилар ҳимоясини ўзига ниқоб қилиб олган, аммо мени назаримда у Россия билан жанжал орқали ўзини пиар қилмоқда. Ҳозир шундай қилиш урф тусига кирган. Эҳтимол, унга ғарб аудиториясини жалб қилиш учун шов-шувли баҳона керакдир. Россия у учун устувор бозор бўлмаган".
Умуман олганда, эксперт фикрига кўра, агар хоҳиш бўлса, ҳозирги ҳолатдан ҳам йўл топиб чиқиб кетса бўлади. Бунинг учун Дуров "твиттер-дипломатия" билан шуғулланмасдан, балки ФСБ ва Роскомнадзор билан музокаралар столи атрофига ўтириши керак.
Ҳуқуқий тозалик
Ҳуқуқшунослар бераётган баҳоларга кўра, сервиснинг Россияда ёпилиши тўлалигича қонунга мос.
"Юридик нуқтаи-назардан бу ерда иккиланадиган масаланинг ўзи йўқ, — деди РИА Новостига миллий RU.домени мувофиқлаштириш маркази раҳбари ўринбосари Сергей Копылов. — Роскомнадзорда бу сервисни кириш чекланиши керак бўлган сайтлар реестрига киритиш учун ариза топширишга барча асос бор эди. Суд калитларни талаб қилиш, маъмурий жарима ундириш, маъмурий ҳуқуқбузарликдан сўнг талабларни бажармаслик сингари даставвал қўйилган қадамларнинг қонунийлигини текширди".
Суднинг мессенжер фаолиятини зудлик билан тўхтатиш ҳақидаги талабига изоҳ берар экан, Копылов одатда бундай пайтларда барча техник ва юридик масалаларни ҳал этиш учун тўрт кундан кам вақт келмаслигини таъкидлаб ўтди. Унинг сўзларига кўра, Ҳукумат қарорига мувофиқ, суд қарор чиқариб бўлгач, Роскомнадзор хостинг-провайдер ёки операторни огоҳлантириши ва ундан уч кун ичида жавоб олиши лозим. Аммо айрим ҳолларда суд муддатни қисқартиришга ҳақли бўлади.
Террорчилар учун каналлар
Telegram атрофидаги вазият уч йил муқаддам, яъни Россия Давлат Думаси депутати Александр Агеев ФСБ раҳбари Александр Бортниковга мессенжерни таъқиқлаш илтимоси билан мурожаат қилганида ўткир тус олган эди. Унинг сўзларига кўра, Telegram мессенжеридан "ИД" террорчилари фойдаланган бўлишлари мумкин эди. Ўшанда Дуров 2015 йил ноябридан бошлаб мессенжер "Ислом давлати"нинг 660дан зиёд жамоатчилик каналларини блоклаганлиги ҳақида хабар берган эди.
Орадан бир йил ўтиб, жамоатчилик вакиллари Бош прокуратура ва Роскомнадзордан яна Telegram ни текширишни сўрашади. Улар портловчи моддаларни тайёрлаш бўйича қўлланмалар ва диверсияни амалга ошириш бўйича кўрсатмалар келтирилган телеграм-каналларни топганини таъкидлашган эди.
Роскомнадзор фақат 2018 йил апрел ойининг бошига келиб, яъни мессенжер шифрлаш калитларини ФСБга тақдим этишдан бош тортганида судга мурожаат этади. Компания юристлари сўзларига кўра, ушбу жараённи бажаришнинг техник томондан имкони йўқ. Телеграм асосчиси Павел Дуровнинг ўзи эса бошқа позицияни билдириб келмоқда, унга кўра, мессенжер энг аввало сўз эркинлиги ва шахсий ҳаёт дахлсизлиги позициясини ҳимоя қилади.
Экспертларнинг барчаси Россия аҳолисининг аксарияти Telegram ни янгиликлар портали эмас, балки мобил коммуникация воситаси сифатида фойдаланишади, деган фикрни билдирдилар. Шу боис, уни блоклаш фақатгина молиявий оқибатларни келтириб чиқаради — яъни фойдаланувчилар сонининг кескин қисқаришига олиб келади. Энг биринчи бўлиб, блокни айланиб ўтишга эринадиган фойдаланувчилар мессенжерни тарк этади. Бунинг устига мессенжерлар сероб, бошқа исталганига ўтиб кетиш мумкин. Боз устига фойдаланувчилар сони ва трафик бўйича Telegram WhatsApp, Viber ва Skype сингари сервислардан ортда юради.