Ҳикматов: Ўзбекистон ва Россия ўртасидаги авиарейслар сони кўпаяди

11 апрел куни Москвада Россия ва Ўзбекистон авиация раҳбариятлари ўртасида музокаралар бўлиб ўтди
Sputnik

ТОШКЕНТ, 13 апр – Sputnik. "Ҳар икки мамлакат авиакомпаниялари авиаташувлар бўйича талаб ошганлигини қайд этишди, айнан улар йўналишлар ва авиарейслар сони оширилишини таклиф қилишди", — деди Россия Транспорт вазирлиги матбуот хизмати бошлиғи Тимур Ҳикматов Sputnik билан суҳбатда.

Музокаралар муваффақиятли якунланди. Музокаралар жараёнида ҳеч қандай муаммо пайдо бўлмади, деб таъкидлади у.

"Мамлакатлар ўртасида мунтазам янги йўналишлар жорий этилади. Масалан, Самара — Тошкент, Ростов — Тошкент, Сочи — Тошкент, Анапа — Тошкент йўналишлари", — деди Ҳикматов.

Унинг сўзларига кўра, янги рейслар авиайўналишларга бўлган талабни қондира олади. Авиаташувлар нархлари талаб ва авиарейслар сонидан келиб чиқиб шакллантирилади – талаб қанча катта бўлса, нарх шунча қиммат бўлади. Аммо авиакомпаниялар ва йўналишлар сонининг кўпайиши нархлар ошишини тўхтатиб туради, келгусида эса алоҳида йўналишларга алоҳида мавсумларда нархлар пасайишига эришилади.

Эслатиб ўтамиз, 11 апрел куни Москвада Россия ва Ўзбекистон авиация раҳбариятлари ўртасида музокаралар бўлиб ўтди.