Москвада Ўзбекистон тарихини ўрганишга бағишланган конференция ўтказилди

"Ипак йўли воҳалари. Маънавий алоқалар анъаналари: тарихий ва замонавий жиҳатлар" мавзуида халқаро илмий конференция мақсади Ўзбекистоннинг маънавий ва моддий меросини ўрганишга бағишланган янги тадқиқотлар билан таништириш бўлди
Sputnik

ТОШКЕНТ, 12 апр — Sputnik, Дилшодбек Асқаров. Москвадаги жоме масжидида "Ипак йўли воҳалари. Маънавий алоқалар анъаналари: тарихий ва замонавий жиҳатлар" мавзуида халқаро илмий конференция ўтказилди.

Конференцияни Россия муфтийлар кенгаши ва Россия Федерацияси мусулмонлари диний идораси раисининг биринчи ўринбосари Рушан Аббясов кириш сўзи билан очди.

"Буюк Ипак йўли қадимдан Евросиё қитъасининг кўплаб мамлакат ва халқларини нафақат иқтисодий жиҳатдан бирлаштирган, балки маънавий ва маданий алмашувлар учун улкан йўл вазифасини ҳам бажарган. Буюк Ипак йўлида жойлашган турли халқ ва давлатларнинг ўзаро муносабатлари Евросиё маконидаги ҳамкорлик ва интеграциянинг муваффақиятли намунаси бўлиб хизмат қилади. Шу боис унинг шаклланишини ўрганиш ҳамда бу жараёнда мусулмонларнинг роли катта қизиқиш уйғотади ва бу мазкур минтақада замонавий сиёсий, иқтисодий ва маданий алоқаларни мустаҳкамлашда фойдадан холи бўлмайди", Рушан Аббясов.

Конференция "Оазисы Шелкового пути. Традиции духовных связей: исторические и своременные аспекты"

Ташкилотчиларнинг қайд этишларича, мазкур конференция Россия муфтийлар кенгашининг Буюк Ипак йўли бўйлаб жойлашган кенг тарихий макондаги мусулмон маънавий меросини ўрганиш бўйича ташкил этилган илмий лойиҳанинг давомидир. Конференциядан мақсад эса Ўзбекистоннинг маънавий ва моддий меросини ўрганишга бағишланган янги тадқиқотлар билан таништириш бўлди.

Унда Россия ФА қошидаги Умумий тарих, Этнология ва антропология, Шарқшунослик ва бошқа қатор етакчи олий ўқув юртлари вакиллари иштирок этишди. Ўзбекистон ФА Тарих институти, Тошкент Ислом университети олимлари, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита вакили конференциянинг махсус меҳмонлари бўлдилар.

Конференция давомида иштирокчилар Ўзбекистон тарихи, уни ўрганиш, Бухоро, Самарқанд ва Хива шаҳарларининг минтақада тутган ўрни ҳақида чиқишлар қилишди.

Конференция "Оазисы Шелкового пути. Традиции духовных связей: исторические и своременные аспекты"

Россия ФА Шарқшунослик институти тадқиқотчиси Снежана Атанованинг саёҳатчи Наполеон Ней ҳақидаги маърузаси кўпчиликда қизиқиш уйғотди. унинг айтишича, сайёҳ 1888 йилда ўн кун Марказий Осиёда бўлган ва ўша даврдаги Самарқанд ва Бухоро шаҳарлари ҳақида қатор қизиқарли маълумотлар ёзиб қолдирган.

Россия халқлар дўстлиги университети Меҳмонхона бизнеси ва туризм институти директори Светлана Дихтернинг фикрича эса, минтақадаги мамлакатлар орасида Ўзбекистон туризмни ривожлантириш нуқтаи назаридан энг катта салоҳиятга эга ҳисобланади, бироқ бу салоҳиятдан етарлича фойдаланилмаяпти.

"Биринчи навбатда ушбу соҳада ишлаётган ва ишлайдиган мутахассислар ҳақида ўйлаш керак. Чунки малакали мутахассислар бўлмаса, жозибали тарихий ёдгорликларнинг ўзи билан туристлар оқимини кўпайтиришнинг иложи йўқ", — деди у Sputnik мухбири билан суҳбатда.

Конференция якунларига кўра иштирокчилар маърузачиларнинг чиқишлари бўйича мунозара ўтказишди, ўзаро фикр алмашишди ҳамда келгусида узвий ҳамкорлик қилишган келишиб олишди.