Ўзбекистонда автомобилни хавфли услубда бошқариш учун жарима жорий этилиши мумкин

Огоҳлантириш сигнал бермасдан машинанинг ҳаракатланиш йўналишини ўзгартириш, шунингдек овоз бериш қурилмаларидан (клаксон) фойдаланиш учун жарима чоралари қўлланилиши мумкин.
Sputnik

ТОШКЕНТ, 10 апр — Sputnik. Ўзбекистонда машинани хавфли услубда бошқариш учун жарима жорий этиш режалаштирилмоқда. Бу ҳақда Sputnik мухбири хабар қилди. 

Бу 2018-2020 йиллар учун ҳаракат хавфсизлиги концепцияси лойиҳасида назарда тутилган.

Хусусан, 2018 йил 1 июлгача Маъмурий жавобгарлик тўғрисида кодексга ўзгартиришлар ва қўшимчалар киритиш тўғрисида қонун лойиҳаси тайёрланиши лозим. Қонунда "йўл ҳаракатида безорилик" тушунчаси киритилади.

Россияда Ravon автомобилларининг нархи ошди

Бунда транспорт воситасини бошқарув қоидаларига қасддан риоя қилмаслик, тажовузкор бошқарувни кўрсатиш, огоҳлантириш сигнал бермасдан қўққисдан ҳаракат йўналишини ўзгартириш, хавфсиз бўлмаган ҳолатларда овоз бериш сигналларидан фойдаланишни ўз ичига олади.

Ушбу ҳатти-ҳаракатлар учун энг кам иш ҳақининг 1 баравардан 3 бараваргача жарима чораларини қўллаш режалаштирилмоқда.

Бу каби жарималар дунёнинг кўплаб давлатларда жорий этилган. Масалан, Россияда машинани хавфли услубда бошқариш учун 5000 рубл жарима, Германияда — 3 ойга ҳайдаш ҳуқуқидан маҳрум этиш ёки 250 евро жарима, АҚШда — 2500 доллар жарима, Японияда — ярим йил аҳлоқ тузатиш ишлари, Австралияда 5500 доллар жарима ёки 3 йилга ҳайдаш ҳуқуқидан маҳрум этиш чоралари қўлланилиши мумкин.