ТОШКЕНТ, 10 апр — Sputnik. АҚШ Давлат Департаменти Қатарга умумий суммаси 300 миллион долларлик беш минг дона юқори аниқликдаги лазерли ракеталарни сотиш имкониятини маъқуллади, деб хабар қилди Пентагоннинг мудофаа ва хавфсизлик соҳасидаги ҳамкорлик агентлиги. РИА Новости хабари асосида.
"Бу Қатарга унинг янги AH-64Е вертолёт паркига қўшимча имкониятларни тақдим этиш йўли орқали янги ҳарбий мақсадларига эришишга ёрдам беради. APKWS Қатарга унчалик қиммат бўлмаган юқори аниқликдаги зарба салоҳиятини тақдим этади, бу зарарларни камайтиради ва контртеррористик операциялар учун имкониятларни кенгайтиради… Таклиф этилаётган келишув минтақадаги ҳарбий мувозанатни ўзгартирмайди", — дейилади хабарда.
Қурол сотиш эҳтимоли ҳақидаги хабар Қатар Амири Тамим бин Ҳамад ал-Танийнинг Вашингтонга ташрифи арафасида пайдо бўлди. Амирни сешанба куни, яъни бугун АҚШ президенти Дональд Трамп Оқ уйда қабул қилади.
Сўнгги ойларда нефт ва газ ишлаб чиқиш бўйича жаҳонда етакчи саналган Саудия Арабистони ва Қатар ўртасидаги муносабатлар инқирозга юз тутган. Ар-Риёд ва унинг иттифоқдошлари Доха ҳукуматини терроризмни қўллаб-қувватлашда айблаб, у билан дипломатик муносабатларни узди. АҚШ президенти Трамп илгарироқ ушбу можарони ҳал этишда воситачи бўлишга тайёрлигини билдирган эди.
Душанба куни, шунингдек, АҚШ Мудофаа вазири Жеймс Мэттис Қатар амири билан ҳавфсизлик масалаларини, шу жумладан, "Ислом давлати" террорчилик уюшмасига қарши кураш масалаларини муҳокама қилди.