Ўзбекистон дунёни ҳайратга солишига ишончим комил - Ҳабиб Абдуллаев

Sputnik мухбири Москвада шаҳридаги Ўзбек миллий-маданий автономияси раҳбари Ҳабиб Абдуллаев билан суҳбатда бўлди.
Sputnik

ТОШКЕНТ, 7 апр — Sputnik, Дилшодбек Асқаров. Sputnik ўқувчиларни хорижда муваффақиятга эришган ўзбекистонликлар билан таништиришда давом этади. Таҳририятнинг бугунги меҳмони Москвада шаҳридаги Ўзбек миллий-маданий автономияси раҳбари Ҳабиб Абдуллаев.

- Ҳабиб ака, аввало ўзингиз ҳақингизда гапириб берсангиз.

— Мен 1967 йилда Москвада ўзбек оиласида туғилганман. Аждодларим Фарғона водийсининг Ўш шаҳри яқинидаги Аравон қишлоғига бориб тақалади. Исмимни таниқли давлат арбоби ва геолог олим бўлган бобом шарафига қўйишган. Бобом Ўзбекистон ССР Фанлар академияси президенти сифатида, Ўзбекистон илмий салоҳияти юксалиши учун муносиб ҳисса қўшган инсон сифатида ўзидан ёрқин хотира қолдирган. У киши собиқ иттифоқдаги олий даражадаги илмий мукофот — Ленин мукофотини олган биринчи ўзбек олими бўлган. Бобом жудаям қувноқ ва кўнгилчан бўлган экан. Афсуски, у 49 ёшида вафот этган, менга бобомни кўриш насиб этмаган.

Москвада Наврўзни нишонлаш мигрантлар учун жуда муҳим - Ҳабиб Абдуллаев

Отам Тошкентда ўсган, аммо вояга етгач Москвага йўл олган. У Москва давлат халқаро муносабатлар институти (МГИМО) талабалигидан тортиб собиқ СССР ва Россиянинг қатор давлатлардаги элчиси лавозимигача бўлган йўлни босиб ўтган, кўп йиллар ядровий қуролсизланиш соҳасида фаолият кўрсатган. Бўш вақтларида эса француз императори Наполеоннинг ўткир ибораларидан иборат тўплам — "Наполеон шундай деганди" номли китоб ёзган.

Мен ҳам МГИМОни битирганман, аммо дипломатик хизматда кўп ишламаганман. Хорижий ва Россия компанияларида иш юритганман, бир муддат Россия Матбуот ва Иқтисодий тараққиёт вазирликлари тизимида фаолият кўрсатганман. Бобом ва отамдан фарқли равишда ҳозирча китоб ёзганим йўқ, лекин нумизматика бўйича рисола ёзиш ниятидаман. Шунингдек, МДУ тарих факультетида Россиядаги ўзбек диаспорасининг тарихи ва бугунги куни ҳақида диссертация ёзяпман.

Ўзбекистонга мунтазам равишда бориб тураман — ахир у ерда менинг ота ва она томондан кўплаб қариндошларим яшайди. Авваллари фақатгина қариндошларникига меҳмонга борардим, лекин охирги вақтда Ўзбекистонга сафарларим касбий тусга эга бўлиб бормоқда.

- Москвада 2005 йилдан буён сизнинг муассислигингизда «Ўзбегим» газетаси чоп этиб келинади. Газета чоп этиш ғояси қандай пайдо бўлган ва у кимларга мўлжалланган?

— 2005 йилда Москвадаги қурилишлардан бирида ўзбекистонлик меҳнат мигрантлари қандай шароитларда ишлашлари ва яшашларига тасодифан гувоҳ бўлиб қолдим. Бу ҳолат менда оғир таассурот қолдирди. Ўшанда уйларидан узоқда яшаётган инсонлар ҳаётини нима биландир ранг-баранг қилиш фикри уйғонди. Улар учун ўзбек тилида газета чоп этиш қарори менга яхшидек кўринди. Аввалига бегона юртда ўз она тилларида газета ўқишса миллий руҳларини сақлаб қолишади ва ишдан сўнг чарчоқлари ёзилади деб ўйладим. Кейин эса газета тобора маърифий лойиҳа кўринишини олди. Унинг асосий вазифаси ўзбек муштарийларини Россия маданияти ва тарихи билан таништириш, уларнинг билимларини оширишдан иборат.

- Сиз Москва шаҳридаги Ўзбек миллий-маданий автономияси раҳбари ҳисобланасиз. Ушбу ташкилотнинг мақсади ва фаолияти ҳақида сўзлаб берсангиз. Ишингиз давомида қандай қийинчилик ва муаммоларга дуч келасиз?

— Россияда ўз ҳудудига эга бўлмаган ҳар бир халқ миллий-маданий автономиясини ташкил этиш ҳуқуқига эга. Ҳар бир регионда битта ана шундай ташкилот бўлиши мумкин. Бизнинг автономиямиз келиб чиқиши ўзбек бўлган москваликларни бирлаштиради. Айтганча, ўзбек ҳамжамияти Москвадаги энг йирик диаспоралар ўнлигига киради (агарда пойтахтда рўйхатдан ўтган Россия фуқаролари ҳисобланадиган бўлса).

Migrant-friendly: Рязандаги ўзбеклар қандай ҳаёт кечиришмоқда

Бизнинг учта мақсадимиз бор.

Биринчиси — ўзбек маданиятини сақлаб қолиш ва тарғиб қилиш. Биз россияликларни ўзбек халқининг бой маданий мероси ва бугунги Ўзбекистоннинг ютуқлари билан таништирамиз.

Иккинчиси — ўзбекларнинг ижобий образини шакллантириш. Бу миллатлараро муносабатлар нуқтаи назаридан жуда муҳим.

Учинчиси — ўзбек меҳнат мигрантларининг ижтимоий муҳитга мослашиши. Биз нафақат газета чиқарамиз, балки яна бошқа фойдали нашрлар — масалан, қўлланма ва сўзлашгичлар чоп этамиз. Мутахассислар — юристлардан тортиб шифокорларгача бепул маслаҳатлар ташкил этамиз.

Бу вазифаларнинг барчаси бир-бири билан боғлиқ.

Муаммоларга келадиган бўлсак, бор-йўғи битта муаммо мавжуд — фаолиятимизнинг моддий базаси йўқлиги. Давлат автономиялар учун пул ажратмайди, грант олиш машаққатли ва миннатли иш. Шу боис зиёлилар ажратадиган маблағлар билан чекланганмиз. Биз Москвадаги ўзбек тадбиркорларини кўпроқ жалб этишимизга тўғри келади. Бу йил уларнинг мазкур лойиҳада иштирок этишлари билан шуғулланамиз деб умид қиламан.

Гап шундаки, Москвадаги ўзбекларнинг ўз «уйлари» йўқ. Ягона Ўзбек маркази ташкил этиш пайти аллақачон етиб келган. Бу ер маданий-маърифий ва иқтисодий (шунингдек, ўзбекистонлик экспортёрлар учун ҳам) маскан бўлади. Биз ана шундай марказ концепциясини ишлаб чиқдик, фақат уни амалга ошириш сезиларли маблағ талаб қилади.

- Сиз шунингдек, "Рикор" хай-тэк инновациялар марказида ҳам раҳбарлик лавозимларидан бирида ишлайсиз. Ушбу марказ нима билан шуғулланади? Ўзбекистонда 2018 йил инновациялар йили деб эълон қилинган. Ўзбекистонда мазкур марказ филиалини очиш ёки бу борада ўзбек компаниялари билан ҳамкорлик қилиш режаси борми?

Инновация, инновация, инновация: бизга у нимага керак?

— Рикор — Москвадаги 30та технопаркдан бири. У энг йириги эмас, лекин географик жиҳатдан энг марказийси ҳисобланади. Жиддий айтадиган бўлсам, Россия ва Ўзбекистон ўртасидаги илмий-техник ҳамкорликни ривожлантиришга улкан ҳисса қўша олишимга жуда катта умид билан қараяпман. Ҳарҳолда, Тошкентдаги Инновацион тараққиёт вазирлиги билан ишчи мулоқотлар бошланди.

Инновациялар йилидан қатъи назар, Ўзбекистон жадал иқтисодий ўсишга эришиши учун энергетика, қишлоқ хўжалиги, информатика, телекоммуникация ва бошқа соҳаларда замонавий технологияларни жорий этиш жуда муҳим.

Менинг фикримча, Россияда Ўзбекистон имтиёзли шартларда олиши мумкин бўлган фойдали ишланмалар кўп, асосийси уларни тезкорлик билан жорий этиш. Ўзбекистон дунёни ҳайратга соладиган катта сакрашни амалга оширишига ишончим комил. Асосийси — мамлакат учун истиқболли бўлган йўналишларга эътибор қаратиш. Ва албатта, оғриқли ижтимоий муаммоларни ҳал этиш.

- Яқинда хорижда ишлаб муваффақиятга эришган ватандошлардан ташкил топган «Buyuk kelajak» Экспертлар кенгаши тузилди. Сиз ҳам ушбу кенгашдан ўрин олгансиз. Мазкур кенгаш ҳақида қандай фикрдасиз? Кенгаш ёрдамида биринчи навбатда қандай муаммоларни ҳал қилиш лозим?

— Кенгаш аъзоларининг асосий вазифаси — тарихий ватанимиз бўлган Ўзбекистонга ўша узоқ йиллардан бери кутилган олдинга силжишда ёрдам бериш. Ўзбекистон улкан иқтисодий салоҳиятга эга ва аҳолиси юқори даражадаги турмуш тарзига эга бўлган қудратли ва фаровон давлатга айланиш учун барча имкониятларга эга. Бунинг учун эса бугунги ислоҳотлар муваффақиятли амалга оширилиши лозим.

Buyuk Kelajak экспертлар кенгашининг дастлабки рўйхати тузилди

Кенгаш аъзолари бой тажриба ва кенг билимга эга бўлган мутахассислардир. Уларнинг тавсиялари мамлакат учун муҳим бўлган йўналишларда тўғри қарорлар ишлаб чиқишда жудаям фойдали бўлиши мумкин.

Менинг фикримча, Ўзбекистонда аъло билим ва тажрибага эга бўлган истеъдодли мутахассислар кўплаб топилади. Президент Шавкат Мирзиёев мўлжаллаётган бундай улкан миқёсдаги олға силжиш учун паспортларининг ранги қанақа бўлишидан қатъи назар, барча билимли ўзбекларни бирлаштириш лозим.

- Бугунги кунда миграция соҳасидаги энг асосий муаммо нима ва уни қандай ечиш мумкин деб ўйлайсиз?

— Агарда Россияга меҳнат миграцияси ҳақида гапирадиган бўлсак, мен меҳнат мигрантларининг катта қисми паст малакали эканлигини асосий муаммо деб айтган бўлардим. Аммо бугунги ислоҳотлар таълим тизими ва кадрлар тайёрлаш соҳасидаги кенг миқёсдаги ўзгаришларни қамраб олади. Бу эса ўзбеклар яқин келажакда халқаро меҳнат тақсимотида юқорироқ мавқега эга бўлишларини билдиради ва бу Россиядаги мигрантлар мақомида намоён бўлади. Келгусида бошқа давлатлардан келган мигрантлар совуқда чуқур қазийди ва кўча супуради.

Аммо энг асосийси — агарда мамлакат ёшларга чексиз имкониятлар берувчи иқтисодий билимлар жиҳатидан ривожлана олса Ўзбекистондан келадиган мигрантлар оқими кескин камаяди.