Тушлик ўз вақтида берилмаган боғчанинг мудира ва ошпазлари ишдан бўшатилди

Мактабгача таълим вазирлиги ҳар бир ноқонуний хатти-ҳаракат юзасидан ўз муносабатини билдириб, масъулиятсиз ходимларга кескин чора кўрилиши ҳақида огоҳлантирди
Sputnik

ТОШКЕНТ, 6 апр — Sputnik. Мактабгача таълим вазирлиги ижтимоий тармоқларда тарқалган "Боғчада тушлик кечикди — болалар оч ухлаб қолди" мавзуидаги видеоматериалда кўрсатилган ҳолатни аниқлаш учун тезкор ишчи гуруҳи ташкил этиб, суриштирув ўтказди. Бу ҳақда вазирлик матбуот хизмати хабар берди.

Тарбиячи боғча болаларига қўл кўтаргани ортидан бир неча киши ишдан бўшатилди

Аниқланишича, Андижон вилояти Хўжабод туманидаги 1-мактабгача таълим муассасасининг ёзги ошхонасида 2 апрель куни гўшт маҳсулоти белгиланган вақтидан кеч олиб келинганлиги сабабли боғча тарбияланувчилари учун тушлик ўз вақтида тайёрланмаган ва тарқатилмаган.

"Шу боис ўз вазифасига совуққонлик билан қарагани ва боғча ёзги ошхонасида антисанитария ҳолатларини келтириб чиқаргани учун 1-МТМ омборчиси Алишер Аҳмедов, бош ошпаз Улуғбек Жалилов ҳамда ошпаз Абдужалил Султоновлар билан тузилган меҳнат шартномаси бекор қилинди", — дейилади хабарда.

Шунингдек, ўз ишида жиддий камчиликларга йўл қўйгани учун муассаса мудираси С.Абдуллаева эгаллаб турган лавозимидан озод этилгани маълум қилинди.

Мактабгача таълим вазирлиги ҳар бир ноқонуний хатти-ҳаракат юзасидан ўз муносабатини билдириб, масъулиятсиз ходимларга кескин чора кўрилиши ҳақида огоҳлантирди.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Жиззах шаҳридаги боғчалардан бирида тарбиячи болаларга қўл кўтаргани боис мактабгача таълим тизимида фаолият кўрсатувчи бир неча нафар шахс ишдан бўшатилганди.