Олийгоҳларга кириш учун тест синовлари 1 августдан 15 августгача икки сменада ўтказилади

Ўқишга қабул қилиш тўғрисидаги аризалар ҳар йили 15 июндан 15 июлгача қабул қилинади
Sputnik

ТОШКЕНТ, 4 апр – Sputnik. Олий таълим муассасаларига ўқишга қабул қилиш тартибини янада такомиллаштириш тўғрисидаги Ҳукумат қарори қабул қилинди. Бу ҳақда Ўзбекистон Адлия вазирлиги Телеграм каналида хабар қилинди.

Хабарда айтилишича, қарор билан тасдиқланган низомга асосан, ўқишга қабул қилиш тўғрисидаги аризалар ҳар йили 15 июндан 15 июлгача қабул қилинади.

Тест синовлари ҳар йили 1 августдан 15 августга қадар, кунига икки сменада ўтказилади. Бунда 1-смена 8:00 да, иккинчи смена 15:00 да бошланади.

Давлат тест маркази намунавий тест топшириқларни эълон қилди

Абитуриент тест синовлари ўтказиладиган куни бинога тегишли ҳудудга соат 7:00 (иккинчи смена соат 13:00) гача, бинога соат 7:30 (иккинчи смена соат 13:30) гача фақат абитуриент рухсатномаси ва паспорти билан шахсни идентификациялаш воситалари ҳамда видеофиксация қурилмалари орқали тартибли равишда кириши лозим бўлади.

Тест синовлари Тошкент шаҳридаги "Ўзэкспомарказ" миллий кўргазмалар мажмуаси павильонларида ва унинг ҳудудида ўрнатиладиган қўшимча йиғма павильонларда, шунингдек, катта сиғимдаги бошқа биноларда, вилоят марказларида эса олимпия захиралари коллежлари ёки бошқа ташкилотларнинг катта сиғимдаги биноларида ўтказилади.

Тест топшириқларини бажариш учун (жавоблар варақасини тўлдириш билан бирга) 30 та тест топшириғига 1 соат, 60 та тест топшириғига 2 соат, 90 та тест топшириғига 3 соат вақт берилади.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Давлат тест маркази фаолиятини янада такомиллаштириш тўғрисидаги Вазирлар Маҳкамаси қарорига мувофиқ, Давлат тест марказининг марказий аппарати тузилмасида Тест синовларини ташкил этиш ва мувофиқлаштириш бош бошқармаси, Тест синовларининг компьютер таҳлили ва ахборотлаштириш бошқармаси ҳамда унинг Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятлардаги бўлимлари ташкил этилаётганлиги хабар қилинганди.