Мирзиёев: "Олдимизда қандай иш турганини Манас мисолида кўрсатмоқчиман"

"Юрагимизда, ичимизда армонимиз, дардимиз шуки - одамлар мана шундай шароитда яшаяпти. Ҳали олдимизда қандай ишлар турганини Манас мисолида кўрсатмоқчи эдим", - дейди "Обод қишлоқ" дастури доирасида Манасда амалга оширилган ишларга бағишлаб тайёрланган видеороликда Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев
Sputnik

ТОШКЕНТ, 3 апр — Sputnik. Ўзбекистон раҳбари ташаббуси билан ободошлаштириш ишлари бошлаб юборилган Манас қишлоғи 45 кун ичида таниб бўлмас даражада ўзгарди. Ўзбекистон президенти матбуот-хизмати қишлоқнинг ободонлаштириш ишлари бошланмагунга қадар ҳолати ва кейинги ўзгаришлар ҳақида видеороликни эълон қилди.

Президент ташаббуси: Ўзбекистонда қишлоқларни ободонлаштириш ишлари бошлаб юборилди
2018 йилнинг феврал ойида ҳам "Манас" — бинолари эски, йўллари лойга беланган ўз холича ташлаб қўйилган қишлоқ эди.

"Юрагимизда, ичимизда армонимиз, дардимиз шуки — одамлар мана шундай шароитда яшаяпти. Ҳали олдимизда қандай ишлар турганини Манас мисолида кўрсатмоқчиман. Қийин, оғир, машаққатли… Агар биз (шароити) оғир қишлоқдан бошламасак, одамлар бизга ишонмайди. Ҳеч қачон ишонмайди", — деган эди икки ой олдин Ўзбекистон раҳбари.

Мана шундан сўнг эски бинолар ва уйлар бульдозерлар ёрдамида сурилди, бузиб ташланди ва ўрнига кўп хонадонли икки қаватли уйлар қад ростланди. 

Манасда замонавий боғча, поликлиника, спорт майдончаси барпо этилди ва ҳатто тери ва чармни қайта ишлаш йўлга қўйилди.

"Обод қишлоқ" (дастурини) Манасдан бошлаганим бежиз эмас. Нега десангиз, мана шу ерда олижаноб халқ яшайди, жуда бир меҳнаткаш аҳоли яшайди", — деган эди ўз чиқишида президент.

Ўзбекистон раҳбари 30 март куни Дўстлик туманида жойлашган ушбу Манас қишлоғида бўлди.

Мирзиёев терини қайта ишлаш, агросаноат мажмуаси ва озиқ-овқат кластери барпо этиш, туя сути билан даволайдиган клиника ташкил қилиш борасидаги таклифларга алоҳида эътибор қаратган эди.