ТОШКЕНТ, 3 апр — Sputnik. Барча жалб қилинган томонлар "Скрипаль иши"да имкони борича тезроқ ҳақиқатни қарор топтириб, совуқ уруш ва қарама-қаршилик фикрларидан воз кечишлари лозим, деб баёнот қилди сешанба куни ХХР ТИВ расмий вакили Гэн Шуан. РИА Новости хабарига асосан.
У шунингдек, томонларни мавжуд қарама-қаршиликларни ўзаро ҳурмат ва тенглик руҳида бартараф этишга чақирди.
Британиянинг Солсбери шаҳарчасида 4 март куни британиялик жосус Сергей Скрипаль ва унинг қизи Юлия заҳарланган. Британия томоннинг таъкидига кўра, Скрипалларнинг А234 моддаси билан заҳарланишига Россия давлатининг қўли бор, Россия эса буни қатъий рад этиб келмоқда. Илгарироқ Европанинг қатор давлатлари, хусусан Франция, Германия ва Польша, Болтиқбўйи мамлакатлари, Украина, Молдавия, Хорватия, Албания, шунингдек, АҚШ ва Канада умумий ҳисобда 100 нафардан зиёд россиялик дипломатларни чиқариб юбориш тўғрисида қарор қабул қилган эди.