Сурияда ИШИД таркибида жанг қилган 8 нафар фуқаро 14 йилга қамалди

Ўзбекистонда суд ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлари томонидан мунтазам равишда террорчилик гуруҳлар сафига қўшилган фуқароларга нисбатан чиқарилган ҳукмлар тўғрисида ахборот берилмоқда.
Sputnik

ТОШКЕНТ, 2 апр — Sputnik. Жиноят ишлари бўйича Наманган вилояти суди Суриядаги террорчилик ташкилотлари сафида жанговар ҳаракатларни амалга оширган 8 нафар шахсга нисбатан якуний ҳукмини ўқиб эшиттирди, деб хабар берди РИА Новости суд вакилига таянган ҳолда.

ДХХ раиси Абдуллаев бузғунчи сиёсий кучлар фаоллашуви кузатилаётганини айтди

"Наманган вилояти Тўрақўрғон туманининг 8 нафар фуқароси Суриядаги террорчилик ташкилотлари томонидан туриб жанговар ҳаракатларда иштирок этгани учун 6 йилдан 14 йилга қадар озодликдан маҳрум этилди", — деб таъкидлади агентлик суҳбатдоши.

Унинг сўзларига кўра, судланган 2 нафар фуқаро — Муҳаммад Абдурасулов ва Муҳаммадали Шокиров 2010 йилда Ўзбекистондан Туркияга чиқиб кетиб, у ерда "Таблиғи жамоат" халқаро террорчилик ташкилоти аъзоларининг таъсири остига тушган.

Орадан 2 йил ўтгач, улар Суриядаги лагерга бориб, ИШИДга алоқадор жанговар ҳаракатларда қатнашган.

"2016 йилда Абдурасулов ва Шокиров Ўзбекистонга қайтган ва 6 нафар фуқарони Суриядаги жанговар ҳаракатларда иштирок этишга жўнатган", — дейди суд вакили.

Унинг сўзларига кўра, ушбу гуруҳга нисбатан ўтказилган тезкор-тергов ҳаракатлари давомида яна 30 нафар Ўзбекистон фуқаросининг Сурияга чиқиб кетишининг олди олинган.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонда суд ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлари томонидан мунтазам равишда террорчилик гуруҳлар сафига қўшилган фуқароларга нисбатан чиқарилган ҳукмлар тўғрисида ахборот берилмоқда. Жумладан, шу йил февраль ойида Тошкент вилояти Оққўрғон туман суди ИШИД террорчилик ташкилотига аъзо фуқаро Аҳрор Қосимовни 10 йилга озодликдан маҳрум қилганди.