ТОШКЕНТ, 30 мар — Sputnik. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати ўн тўртинчи ялпи мажлисининг кун тартибидан тўй-ҳашамлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимларга бағишланган тадбирлар ўтказилишини тартибга солиш тўғрисида масалалар ҳам ўрин олган эди.
Шу боис ушбу масала юзасидан маъруза қилган Сенатнинг Фан, таълим, маданият ва спорт масалалари қўмитаси раисининг ўринбосари Гавҳар Алимова Сенат қарорини янада такомиллаштириш, бу борада Республика комиссиясини тузишга оид қўмита таклифини билдирди.
Сенатор ўз чиқишида Тошкент шаҳрида йилига 18-19 минг никоҳ қайд этилиши, лекин уларнинг 20-25 фоизи тўйлардаги ортиқча дабдабалар оқибатида ажримлар билан тугаётгани ачинарли ҳол экани, бу ушбу тизимда туб ислоҳотларга эҳтиёж туғилаётганини айтиб ўтди.
"Оилавий маросимлар билан боғлиқ ишлаб чиқилган Сенат қарори лойиҳасини такомиллаштиришда тегишли вазирлик ва идоралар, жамоат ташкилотлари фаол иштирок этиши, ҳар бир юртдошимизнинг ушбу масала юзасидан фикрларини эшитиш зарур", — деб хулоса қилган Алимова.