Қирғизистон бош вазири Сапар Исаков Ўзбекистонга келди

Сапар Исаков Ўзбекистон бош вазири Абдулла Арипов билан тор доирада учрашув ўтказди
Sputnik

ТОШКЕНТ, 29 мар – Sputnik. Бугун Қирғизистон бош вазири Сапар Исаков бошчилигидаги делегация амалий ташриф билан Ўзбекистонга келди. Бу ҳақда Қирғизистон ҳукумати матбуот хизмати хабар берди.

Ўзбекистон ва Қирғизистоннинг чегараолди вилоятлари Кенгаши йиғилиши бўлиб ўтади

Меҳмонларни Андижон вилоятидаги “Дўстлик” чегара мажмуасида Андижон вилояти ҳокими Шуҳратбек Абдураҳмонов кутиб олди.

Қирғизистон бош вазири Фарғона шаҳрида бўлиб ўтадиган икки давлат чегараолди вилоятлари раҳбарлари Кенгашининг биринчи йиғилишида иштирок этади.

Сапар Исаков Ўзбекистон бош вазири Абдулла Арипов билан тор доирада учрашув ўтказди.

Учрашувда икки томонлама ҳамкорликнинг долзарб масалалари ҳамда чегараолди вилоятлар ҳамкорлигини янада ривожлантириш истиқболлари муҳокама қилинди.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон президентининг 2017 йил 5-6 сентябр кунлари Қирғизистонга ташрифи доирасида Ўзбекистон Республикасининг чегараолди вилоятлари ҳокимлари ва Қирғизистон Республикаси ҳукуматининг чегараолди вилоятларидаги ваколатли вакиллари Кенгашини ташкил этиш тўғрисида англашув меморандуми имзоланган эди.