Тошкентдаги 4 та йирик савдо марказида ёнғинга қарши ўқув машғулотлар ўтказилди

ИИББ ходими бу машғулотлар республикада ҳар чоршанба куни жорий этилган ёнғин хавфсизлигини олдини олиш бўйича профилактика чора-тадбирлар доирасида амалга оширилганлигини таъкидлади.
Sputnik

ТОШКЕНТ, 28 мар — Sputnik. Бугун, 28 март куни Тошкент шаҳридаги 4 та йирик савдо марказида ёнғинга қарши ўқув машғулотлар ўтказилди, деб хабар қилди Тошкент ИИББ матбуот хизмати.

Кемерово фожеасидан сўнг барча савдо марказларида ёнғин профилактикаси ўтказилади

Бундан аввал Тошкент шаҳар Ёнғин хавфсизлиги бошқармаси одамлар гавжум жойларда хавфсизликни таъминлаш мақсадида савдо марказлари ва шунга ўхшаш объектларини қўшимча ёнғин-профилактика ўрганишлар ўтказилиши ҳақида маълум қилинганди.

"Бугун, 28 март куни Тошкент шаҳар ёнғинга қарши кураш ва ФВВ бошқармалари томонидан 4 та — "Next", "Samarqand Darvoza", "Mega Planet" ва "Magnit" савдо-кўнгилочар марказида ёнғинга қарши ўқув машғулотлар ўтказилди. Бу машғулотларда савдо марказ ишчиларига ёнғин хавфсизлик чораларини таъминлаш, ёнғин содир бўлган ҳолатларда фуқароларни зудлик билан эвакуация қилиш, ёнғин келиб чиқиш ўчоқларини ўчириш бўйича амалий ўқув машғулотлар ўтказилди", — дейилган хабарда.

ИИББ ходими бу машғулотлар Ўзбекистонда ҳар чоршанба куни жорий этилган ёнғин хавфсизлигини олдини олиш бўйича профилактика чора-тадбирлар доирасида амалга оширилганлигини таъкидлади.

Кемеровода содир бўлган мудҳиш ёнғин жойидан дастлабки видео пайдо бўлди

Тошкент шаҳрида 10 га яқин савдо марказлар фаолият кўрсатмоқда.

Эслатиб ўтамиз, 25 март куни Кемерово шаҳридаги 4 қаватли "Зимняя вишня" савдо марказида мудҳиш ёнғин содир бўлди. Ёнғинда 64 нафар киши қурбон бўлди, улар орасида болалар кўп.

Дастлабки хулосаларга кўра, қурбонлар сони бунчалик кўп бўлишига, эвакуация йўлларининг ёпиқлиги ва савдо маркази ишчиларининг нотўғри ҳатти-ҳаракатлари сабаб бўлган.