Наманганда ноҳақ айбланган ИИБ инспектори судда оқланди

Sputnik

ТОШКЕНТ, 28 мар – Sputnik. Жиноят ишлари бўйича Наманган вилояти Поп туман судининг "Умид" маҳалла фуқаролар йиғини биносида очиқ сайёр суд мажлисида Раҳматулло Жўраевга нисбатан жиноят ишини кўриб чиқди, деб хабар беради Ўзбекистон Олий суди матбуот хизмати.

Суд ҳужжатларига кўра, Р. Жўраев Наманган вилоят ИИБ ҲООБ одамлардан фойдаланиш учун уларни ёллаш билан боғлиқ ва ахлоқ-одоб доирасидаги ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш бўлинмаси инспектори лавозимида ишлаган.

Фарғонада ИИБ ходими 300 доллар пора олаётганида қўлга тушди

У Жиноят кодексининг 210-моддаси (Пора олиш) 3-қисмининг "б" банди билан айбланган.

Дастлабки тергов томонидан судланувчи 2013 йил январь ойи бошларида вилоят ИИБда норасмий равишда иш ўрганишда юрган Д. Абдураҳмонов ва шаҳар ИИБ бўлими инспектори Ф. Нажмиддинов билан жиноий тил бириктириб "қўшмачи" сифатида профилактик ҳисобда турган М. Шарипованинг хонадонига келишган. "Омина", "Гули" лақабли ва Сетора исмли қизларни Р. Жўраев ўзининг уяли телефон аппаратида видеотасвирга олаётган вақтда, Д. Абдураҳмонов қизларни телевидениега чиқармаслик ва уларни шарманда қилмаслик эвазига таъмагирлик йўли билан 100 минг сўм беришини талаб қилганида М. Шарипова 50 минг сўм пулни Р. Жўраевга етказиш учун Д. Абдураҳмоновга пора тариқасида бериб, қолган 50 минг сўмини кейинроқ беришини айтганидан сўнг ходимлар хонадондан чиқиб кетишгани кўрсатилган.

Айтилишича, орадан бир соатлар ўтиб М. Шарипова танишининг автомашинасида айтилган манзилга бориб, Д. Абдураҳмонов иштирокида Р. Жўраевга 50 минг сўм пул берган.

Судланувчи Раҳматулло Жўраев суд муҳокамасида айбига иқрор бўлмаган.

Суд тарафларни, барча гувоҳларни, шунингдек бир нечта қўшимча гувоҳларни сўроқ қилиб, йиғилган далиллар ва иш ҳолатларини атрофлича ўрганиб чиқиб, дастлабки тергов органи томонидан судланувчи Р. Жўраевнинг ҳаракати Ўзбекистон Жиноят кодекси 210-моддаси 3-қисмининг "б" банди билан етарли далилларсиз, асоссиз квалификация қилиниб, фақатгина айблаш юзасидан бир томонлама тергов ҳаракатлари ўтказилиб, хатоликка йўл қўйилган деб топди.

Суд мажлисида аниқланган ҳолатларга кўра Р. Жўраев 2013 йил 7 январдан 11 февралгача Ўзбекистон Республикаси ИИВ Академияси дала ўқув машғулотида гуруҳ раҳбари сифатида бўлган. Полигон ҳудудидан ташқарига чиқмаган, буни хусусан ўша вақтда у билан бирга ўқишда бўлган Наманган вилоятидан 43 нафар ИИБ ходимлари тасдиқлайди.

Ўзбекистон судлари 2017 йилда 191 кишига оқлов ҳукмини чиқарди

Жабрланувчи деб топилган М. Шарипова суд муҳокамасида воқеа санаси, пулларни кимлардан олгани, қачон ва қаерда бергани тўғрисида қарама-қарши кўрсатмалар берган, уларни бир неча марта ўзгартирган. Унинг кўрсатмалари гувоҳлар томонидан инкор қилинган.

Гўёки у куни Р. Жўраев видеога туширган. Пора берилишида қатнашган гувоҳлар Р. Жўраевни умуман кўрмагани ва уни танимаслигини, ўша вақтда М. Шарипова терговда кўрсатма беришни сўраганлигини билдирган.

Судда Р. Жўраевнинг М. Шариповадан пул олганлигини тасдиқловчи ўзининг кўрсатмасидан ташқари бирор-бир бошқа объектив далил аниқланмади.

Юқоридагиларга кўра, судланувчи Р. Жўраев Ўзбекистон Жиноят кодексининг 210-моддаси 3-қисми "б" банди билан айбсиз деб топилиб, ушбу модда билан оқланди.