Пучон университети филиали Чилонзорда жойлашади

Филиал шу йилнинг сентябрида дастлабки талабаларни қабул қилиши режалаштирилмоқда
Sputnik

ТОШКЕНТ, 27 мар — Sputnik. Пучон университетининг (Жанубий Корея) Ўзбекистондаги филиали қаерда жойлашиши маълум бўлди, деб хабар берди Sputnik мухбири.

Пойтахт маъмурияти янги таълим муассасаси мажмуаси қурилиши учун Тошкентнинг Чилонзор туманидаги педагогика коллежи ҳудудидан жой ажратди.

Пучон университети профессори Ли Донг Вук Тошкентдаги филиални ташкил этиш бўйича гуруҳга раҳбарлик қилади.

Тошкентда Жанубий Кореянинг яна бир университети филиали очилади

Филиал шу йилнинг сентябрида дастлабки талабаларни қабул қилиши режалаштирилмоқда. Бу ерда тўрт йўналиш очилиб, биринчи йилда 240 нафар талаба ўқишга қабул қилинади. Улар уч йиллик бакалавриат дастури бўйича таҳсил олишади.

Янги олий ўқув юртининг факультетларидан бири мактабгача педагогика ва психология соҳасига ихтисослашади. Қолган учта факультет йўналишлари ҳозирча аниқ эмас.

Бундан ташқари, Ўзбекистонда илк бор айнан мана шу олийгоҳ қошида болалар боғчалари ташкил этилади. Улар ушбу соҳани ривожлантириш учун ўзига хос тажриба ва илмий-амалий майдонча бўлади, уларда жаҳоннинг илғор тажрибалари қўлланилади.

Пучон университети Жанубий Кореянинг нуфузли олий ўқув юртларидан ҳисобланади. Бу ерда 26 факультет мавжуд. Мактабгача таълим факультети ва хорижлик талабалар учун махсус корейс тили маркази ҳам унинг тузилмасига киради.