Мирзиёев чигит экишни мутлақо янги тизимда ташкил этиш бўйича кўрсатма берди

Бу йил 1 миллион 71 минг гектардан ортиқ майдонга чигит экиш белгиланган
Sputnik

ТОШКЕНТ, 24 мар — Sputnik. Ўзбекистонда чигит экиш ишларини мутлақо янги тизим бўйича ташкил этилади.

Бу ҳақда Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев раислигида 23 март куни қишлоқ хўжалигини жадал ривожлантириш бўйича олиб борилаётган ишлар натижадорлигига бағишланган видеоселектор йиғилишида маълум қилинди.

Бу йил 1 миллион 71 минг гектардан ортиқ майдонга чигит экиш белгиланган. Бу 2017 йилга нисбатан 135 минг гектарга, 2016 йилга нисбатан эса 184 минг гектарга камдир.

Пахта етиштирадиган фермерларга кредитлар ажратилади

Чунки фермерларга фақат зарар келтирадиган, ҳосилдорлиги 15 центнердан паст бўлган ерларга пахта экишдан воз кечилди, бунинг ўрнига харидоргир маҳсулотлар экилиши белгиланди.

"Энг асосийси, қишлоқ хўжалигида иқтисодий асосли ва адолатли тизим яратилиб, пахта-ғалланинг харид нархи харажатларни қоплайдиган ва фойдани таъминлайдиган қилиб белгилаб қўйилди. Энди "чигит экишга маблағ етмаяпти, ёқилғи йўқ" деган баҳонага ўрин қолмади, ажратилаётган маблағлар барча тадбирлар учун етади", — деди Шавкат Мирзиёев.

Шу боис президент Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, вилоятлар ва туманлардаги секторлар раҳбарларига чигит экиш ишларини мутлақо янги тизим бўйича ташкил этиш бўйича кўрсатмалар берди.

Мавсумда талаб этиладиган уруғлик, минерал ўғит, чигит экиш техникаси ва ёқилғи-мойлаш маҳсулотларини аниқ ҳисоб-китоб ва жадвал асосида етказиб бериш, 15 апрелгача чигит экиш ишларини тўлиқ якунлаб, 25 апрелга қадар ниҳол ундириб олиш зарурлиги таъкидланди.

Ўтган йили мамлакатда 2,9 миллион тоннадан ортиқ пахта хом ашёси йиғиштириб олинди. Ўзбекистон пахта толаси ишлаб чиқариш ва уни экспорт қилиш бўйича жаҳоннинг етакчи мамлакатлари ўнталигига киради.