Афсонага айланган Оксана яна бир олтин медални қўлга киритди

Чусовитина ўтган ҳафтада Озарбайжон пойтахти Боку шаҳрида ўтказилган жаҳон кубоги баҳсларида олтин ва бронза медаллари соҳибига айланганди
Sputnik

ТОШКЕНТ, 24 мар — Sputnik. Ўзбекистонлик машҳур гимнастикачи Оксана Чусовитина Қатар пойтахти Доҳа шаҳрида бўлиб ўтаётган жаҳон кубоги баҳсларида олтин медаль соҳибига айланди. У ўзининг севимли йўналиши — таяниб сакраш баҳсларида 14,433 балл жамғариб, шоҳсупанинг энг юқори поғонасидан ўрин эгаллади.

Оксана Чусовитина Москвадаги турнир чемпионига айланди

Эслатиб ўтамиз, Чусовитина ўтган ҳафтада Озарбайжон пойтахти Боку шаҳрида ўтказилган жаҳон кубоги баҳсларида олтин ва бронза медаллари соҳибига айланганди.

Бугунги кунда жаҳоннинг уч марта чемпиони ва Европа чемпиони бўлган Оксана Чусовитина еттита Олимпиадада қатнашган гимнастика тарихидаги ягона спортчи ҳисобланади. У Рио Олимпиадасида иштирок этганида 41 ёшу 56 кунлик эди ва Олимпиадаларда қатнашган энг ёши улуғ гимнастикачи сифатида ҳам рекордга эришган.

Olasmsport.comнинг хабар беришича, Доҳадаги жаҳон кубогида 39 мамлакатдан 160 нафар спортчи иштирок этмоқда. Уларнинг 101 нафари эркаклар ўртасидаги баҳсларда қатнашаётган бўлса, 59 нафари аёллар ўртасидаги мусобақада ўз омадини синаб кўрмоқда.