ТОШКЕНТ, 23 мар — Sputnik. Ўзбекистон ва Россия ўртасида телекоммуникациялар, телевидение ва матбуот соҳасида ҳамкорлик йўлга қўйилади. Бу ҳақда Ўзбекистон президентининг матбуот котиби Комил Алламжонов ўзининг ижтимоий тармоқдаги саҳифасида маълум қилди.
Алламжоновнинг ёзишича, Россия Федерацияси делегацияси — алоқа вазирининг ўринбосари Алексей Волин, Россиянинг Ўзбекистондаги элчиси Владимир Тюрденев, Россия президенти бошқармасининг жамоатчилик билан алоқалар ва коммуникациялар бўйича маслаҳатчиси Дмитрий Фатихов, пресс-атташе Дмитрий Даниловлар билан билан норасмий учрашув бўлиб ўтган.
"Телекоммуникациялар, телевидение ва матбуот соҳасидаги ҳамкорлик юзасидан фикр алмашдик", — деб ёзади Алламжонов.
Учрашувда қатор қўшма лойиҳаларни амалга ошириш орқали Россияда Ўзбекистоннинг ижобий имижини шакллантиришга алоҳида урғу берилгани билдирилган.
"Қизиқарли таклифлар учун миннатдорман, Ўзбекистонга хуш келибсиз!", — дея фикрини якунлайди президент матбуот котиби.