Душанбедаги кўнгилочар боғ очилган куниёқ вайрон қилинди

Душанбеда "Афсоналар дунёси" кўнгилочар боғи очилган куниёқ аттракционлар синдирилди
Sputnik

ТОШКЕНТ, 21 мар — Sputnik. Душанбеда Наврўз байрами муносабати билан очилган "Афсоналар дунёси" кўнгилочар-маданият мажмуаси очилганидан бир неча соат ўтибоқ, у ердаги карусел ва эртак қаҳрамонларининг ярмидан кўпи бузилди, деб ёзади Sputnik Тожикистон.

"Эрталаб соат 10да иш бошладик ва бу пайтда кириш дарвозаси олдига тумонат одам йиғилганди. Бир соатдан кейиноқ юрадиган ва овоз чиқарадиган динозаврларнинг тишлари йўқолди, айримларининг эса думлари узилди", — деб бошини чангаллади парк қўриқчиси.

Унинг айтишича, паркнинг 15 нафар ходими одамлар оқимини бошқара олишмаган ва зудлик билан яна шунча милиционер чақирилган. Аммо милиция ходимлари ҳам оломонга қарши ҳеч нарса қила олишмаган ва бир четга ўтиб сигарет тутатиб тураверган.

Соат 16га келиб "Дунёи афсона" ходимлари парк дарвозасини ёпишга мажбур бўлишди. Бу Душанбе аҳолисида норозилик уйғотди.

Катталар ва болалардан режадан ташқари танаффус туфайли сабр қилишларини сўрашди – бу вақтда усталар гуруҳи вайрон қилинган аттракционларни тўғрилаш билан банд эди.

"Тушунмайман, нега норози бўлишяпти, ахир шуларни деб икки марта уста чақиришимизга тўғри келди. Мана, қаранг, катта навбат турибди, биз эса уларни ичкарига қўёлмаймиз, усталар узилиб тушган деталларни жойига қўйишяпти", — деди қўриқчи.

Бу пайтда "Афсоналар дунёси"га кириш дарвозаси олдида жанг давом этарди: қўриқчилар эркак ва аёллардан Дисней қўрғони дарвозасига осилмасликни ва тартиб сақлашни сўрашар, одамлар эса ичкарига киришга уринишарди.

Паркда синган аттракционлардан ташқари, аҳлат уюми ҳам пайдо бўлди. "Афсоналар дунёси" очилганидан бир неча соат ўтибоқ атроф пластик пакетлар, бўш пластик идишлар, салфеткалар ва бир марта ишлатиладиган идишларга тўлиб кетди.

Парк Дунёи афсона после открытия, архивное фото

"Улар Наврўз муносабати билан аттракционлар уч кун бепул ишлайди деб бекор эълон қилишди. Айнан мана шуни деб шунча оломон пайдо бўлди. Тўғрисини айтсам, бунча одам шунчалик ифлос қилиб ташлайди деб ўйламагандим. Буни кўрганингдан кейин байрам кайфияти ҳам йўқолади. Душанбеда мана шундай гўзалликни яратишга уринганларга раҳмим келди. Афсуски, ҳамма ҳам бунинг қадрига ета олмас ва асрай олмас экан", — дейди болаларини етаклаб олган аёл.

Парк Дунёи афсона после открытия, архивное фото

Душанбедаги "Дунёи афсона" кўнгилочар-маданият мажмуаси 19 март куни очилганди. Паркнинг очилиш маросимида Тожикистон президенти Имомали Раҳмон ва Душанбе мэри Рустам Имомали қатнашганди.

Мажмуа Садриддин Айний номидаги маданият ва истироҳат боғи ҳудудидаги 2,5 гектар майдонда жойлашган. Паркда 12 ёшгача болалар учун мўлжалланган атрракционли 11 майдон бор. Бу ерда каруселлар, волейбол, баскетбол, мини-футбол ва теннис майдончалари ҳам қурилган. Аммо ҳаракатланадиган ва овоз чиқарадиган улкан динозаврлар алоҳида эътиборни жалб этади.