Адлия вазирлиги мажбурий меҳнат қонун билан тақиқланганини эслатди

Меҳнатга бирон бир шаклда маъмурий тарзда мажбурлаш энг кам иш ҳақининг бир бараваридан уч бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади
Sputnik

ТОШКЕНТ, 22 мар – Sputnik. Ўзбекистон Адлия вазирлиги Телеграм-каналида Ўзбекистон Конституциясининг 37-моддасига кўра суд ҳукми билан тайинланган жазони ўташ тартибидан ёки қонунда кўрсатилган бошқа ҳоллардан ташқари мажбурий меҳнат тақиқланганлигини билдирди.

"Пулинг йўқ бозорда нима қиласан": наҳотки пулга чақилмайдиган ҳеч нима қолмади!?

Маълум қилинишича, “Аҳолини иш билан таъминлаш тўғрисида”ги Қонуннинг 2-моддаси ҳамда Меҳнат кодексининг 7-моддасига мувофиқ, мажбурий меҳнат, яъни бирон-бир жазони қўллаш билан таҳдид қилиш орқали (шу жумладан меҳнат интизомини сақлаш воситаси тариқасида) иш бажаришга мажбурлаш тақиқланади.

Меҳнатга бирон бир шаклда маъмурий тарзда мажбурлаш энг кам иш ҳақининг бир бараваридан уч бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади. Бу Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 51-моддасида белгилаб қўйилган бўлиб, худди шундай ҳуқуқбузарлик вояга етмаган шахсга нисбатан содир этилган бўлса, энг кам иш ҳақининг беш бараваридан ўн бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.

Вазирликнинг маълум қилишича, қуйидаги ишлар мажбурий меҳнат деб ҳисобланмайди:

ҳарбий ёки муқобил хизмат тўғрисидаги қонунлар асосида; фавқулодда ҳолат юз берган шароитларда; суднинг қонуний кучга кирган ҳукмига биноан ҳамда қонунда назарда тутилган бошқа ҳолларда бажарилиши лозим бўлган ишлар (масалан, маъмурий қамоққа олинган шахслардан жисмоний ишларда фойдаланиш).