Абдулла Орипов ҳаёти ва ижоди

Ўзбек шеъриятининг энг ёрқин намоёндаларидан бири, Ўзбекистон давлат мадҳияси муаллифи Абдулла Ориповнинг ҳаёти ва ижоди ҳақида мақоламизда батафсил танишинг.
Sputnik
Абдулла Орипов Ўзбекистон Халқ шоири, Ўзбекистон Қаҳрамони, Ўзбекистон Давлат мадҳияси муаллифи ва жамоат арбоби.
Абдулла Орипов биографияси
Абдулла Орипов 1941 йил 21 март куни Қашқадарё вилояти Косон тумани Некўз қишлоғида таваллуд топган. Шоирнинг отаси Ориф Убайдуллаев колхоз раиси бўлган. Онаси Турдихол момо кўпчилик ўзбек аёллари сингари меҳнаткаш инсон бўлган. Оилада саккиз фарзанд-тўрт ўғил, тўрт қиз бўлиб, шоир Абдулла ўғилларнинг кенжаси бўлган.
1958 - 1963 йилда бўлажак шоир Абдулла Орипов мактабни олтин медаль билан битириб, ТошДУнинг (Ўзбекистон Миллий университети) ўзбек филологияси факультети, журналистика бўлимига киради.
1963 -1967 йилларда “Ёш гвардия” нашриётида муҳаррир бўлиб ишлай бошлайди.
1967-1974 йилларда Ғафур Ғулом номидаги адабиёт ва санъат таҳририяти муҳаррири ва бош муҳаррири лавозимида фаолият юритади.
1974 - 1976 йилларда давомида Ўзбекистоннинг йирик адабий журнали “Шарқ юлдузи”да бўлим раҳбари бўлиб ишлайди.
1972 - 1982 йиллларда Абдулла Орипов Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасида адабий маслаҳатчи, уюшманинг Тошкент вилояти бўлинмаси котиби,
1983 -1985 йилларда “Гулхан” журнали бош муҳаррири бўлиб фаолият юритади.
1988 йилда Ўзбекистон муаллифлик ҳуқуқини ҳимоя қилиш қўмитаси раиси этиб тайинланган.
1996 йилдан 2009 йилгача Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасига раислик қилади.
1995 йилдан бошлаб Абдулла Орипов Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Биринчи ва Иккинчи чақириқ мажлиси депутати.
2005 йилдан бошлаб Абдулла Орипов Олий Мажлиси сенатори этиб сайланган.
депутат ва сенатор сифатида ҳам фаолият юритган. Шунингдек, шоир Калифорния фан таълим, саноат ва санъат халқаро академиясининг аъзоси бўлган.
Ардоқли шоир умрининг сўнгги йилларини АҚШда ўтказди. Абдулла Орипов 2016 йил 5 ноябрга ўтар кечаси Техас штати Ҳьюстон шаҳри касалхонасида 75 ёшида узоқ давом этган оғир касалликдан сўнг ҳаётдан кўз юмди.
Абдулла Орипов
Абдулла Орипов талабалик йиллариданоқ иқтидорли шоир сифатида танилишни бошлаган. Бунга ўша вақтларда ТошДУда ўқиган ва ишлаган ўзбек адабиётининг бўлажак етук вакиллари ҳам ҳисса қўшган. Ана шундай инсонлардан Озод Шарофиддинов, Матёқуб Қўшжонов.
Кейинчалик Абдулла Орипов шеърлари босилиб чиқа бошлаганидан сўнг ўша вақтлардаги ўзбек адабиётининг етук намоёндалари Ғафур Ғулом, Миртемир, Абдулла Қаҳҳор ва Ойбек домлалардан сабоқ олади. Бу ҳақида шоир ўз хотираларида ёзиб қолдирган.
Абдулла Орипов шеърлари
"Менинг деярли ҳар бир шеърим ҳаётдаги маълум бир воқеа, ҳодиса билан боғлиқ, жўнроқ қилиб айтганда, ҳар бирининг турткиси бор", - Абдулла Орипов.
"Аёл" ва "Тилла балиқча"
"Менинг ҳар бир шеъримнинг турткиси бўлган, - деб ёзади шоир ўз хотираларида. - Масалан "Аёл" деган шеърим урушдан қайтмаган амакиларимнинг беваларига бағишланган. <...>
Ишхонамиз ёнида бир сассиқ ҳовуз бўлиб, унда уч-тўртта тилла балиқ оғзини каппа-каппа очганча ўлар ҳолда кун ўтказарди. Бошқа шоирлар қатори ўша балиқларнинг ҳолига ачиниб, мен ҳам "Тилла балиқча" деган шеър ёзиб, балога қолганман. Эмишки, сассиқ ҳовуз деганда совет тузумини назарда тутганман. Демакким, ҳақиқатдан ҳам бир гап бор эканки, арқон уларнинг кўзига илон бўлиб кўринибди"
Мен нечун севаман Ўзбекистонни ва "Она тилим"
Ёхуд "Ўзбекистон" қасидасининг ёзилишичи? Бунинг ёзилишига нима туртки бўлган, дейилиши мумкин. Гап шундаки, Ватанинг бутун Совет Иттифоқи деб уқтириб турилган бир пайтда, менга Ўзбекистон нима бўлди экан, деган савол юрагимнинг тубида пайдо бўлиб, ҳойнаҳой, "Ватаним - Ўзбекистон" деб шеър ёзган бўлсам, тилимизнинг ҳар қадамда эрга урилаётганини кўриб "Она тилимга" номли шеърни ёзганман.
Абдулла Арипов Ўзбекистон биринчи президенти Ислом Каримов билан

Абдулла Орипов муҳаббат ҳақида

“Биринчи муҳаббатим”
Шоир ижодида муҳаббат мавзуси алоҳида ўринга эга. Айниқса, “Биринчи муҳаббатим” шеъри эл орасида ниҳоятда машҳур. Шеърга басталанган қўшиқ ҳам ўзбек эстрадасининг олтин фондидан жой олган. Шоирнинг ўзи суҳбатларидан бирида ушбу шеъри ҳақида шундай дейди: “Шеърнинг ëзилганига 50 йилдан ошди. Ëзилган оддий шеър энди. Ўқиб олаверасиз. Бошқа ҳеч қанақа гапи йўқ бу шеърнинг. Ҳофизлар 40-50 йилдан бери айтиб келяпти. Ҳоди Тоқтошнинг “Муҳаббат ул эски нарса¸ ҳар бир қалб они ëнғорта” деган гапи бор. Одам боласи тирик бўлгандан кейин севади,севилади. Мен бу муҳаббат мавзуида кўп шеърлар ëзганман. Бу Муҳаббат туйғуси борки, шеър бор, адабиёт бор”

Абдулла Орипов - моҳир таржимон

Абдулла Орипов моҳир таржимон ҳамдир. У жаҳон адабиётининг дурдона асарларини ўзбек китобхонларига етказишга улкан ҳисса қўшган. Жумладан, Уйғониш даврининг йирик вакили Данте Алигьерининг “Илоҳий комедия”сининг “Дўзах” қисмини, Александр Пушкин, Николай Некрасов, Тарас Шевченко, Расул Ҳамзатов, Леся Украинка каби машғур шоирларнинг шеърларини ўзбек тилига таржима қилган.
"Таржима жарёни мен учун энг улуғ мактаб бўлди. Агар қоғоз устида энг кўп тер тўккан бўлсам, ўша таржима устида тўкканман. Она тилимизнинг нақадар бой эканлигига имон келтирган бўлсам, ўша таржима жараёнида имон келтирганман. Азбаройи таржима асл нусхадан кам бўлмаслиги учун тилимиз бойлигидан имкон борича тўлиқ фойдаланиш учун изландим, тил хазинамиздан сўзлар ахтардим. Бунга нечоғлиқ эришганман, бу бошқа мавзу, бироқ ишондимки, бизнинг тилимиз ҳеч бир муболағасиз жаҳондаги энг гўзал ва энг бадавлат тиллардан биридир", - деб хотирлайди ўзининг таржимонлик фаолиятини Абдулла Орипов.
Шоирнинг ўз шеърлари ҳам дунёнинг турли тилларига, хусусан, рус, инглиз, болгар, турк, туркман, озарбайжон, тожик, уйғур тилларига таржима қилинган. Шоирнинг “Родник”, “Ветер Родины”, “Любовь к жизни”, “Жажда весны”, “Удивление”, “Ветер моего края”, “Сохибкиран”, “Благословенное прожитое мной” каби саккизта рус тилидаги шеърий асарлари Тошкент ва Москва нашриётларида босилиб чиққан.
Абдулла Орипов дўсти Гулбаҳор Эрқулова билан

Ўзбекистон мадҳияси муаллифи

Абдулла Орипов ўз давлати мадҳияси сўзи муаллифи бўлишга муваффақ бўлади. Ўзбекистон Республикаси Давлат мадҳияси 1992 йил 10 декабрь куни Ўзбекистон Республикаси Юқори Кенгашининг 11 чақириғида қабул қилинган. Мадҳия яратилиш тарихи Ўзбекистон ССРнинг биринчи мадҳияси билан боғлиқ. 1946 йилда СССРнинг илк мадҳияси пайдо бўлади. Ўзбекистон ҳам ўз мадҳиясини яратишга киришади. Ўша вақтда мадҳия мусиқаси танловида ижодини бошлаган бастакор Мутал Бурҳонов мусиқаси ғолиб деб топилади. 1967 йилда Ўзбекистон ССР мадҳияси матнига айрим ўзгартиришлар киритилади. Шоир Туроб Тўла матнни ўзгартиради, мусиқа эса ўзгартирилмайди. Ўзбекистон Республикаси 1991 йил мустақилликка эришгач мустақил Ўзбекистоннинг янги мадҳиясига эҳтиёж пайдо бўлади. Танловда Мутал Бурхоновнинг мусиқаси ва Абдулла Ориповнинг янги матни билан яратилган мадҳия ғолиб деб топилади.
Абдулла Ориповнинг фарзанди Шоира Орипова шундай хотирлайди: “Отам мадҳиянинг иккита вариантини илм фамилияларини кўрсатмасдан, аноним тарзда юборган. Шу иккита матн варианти ҳам танловнинг иккинчи босқичига ўтган. Биринчилардан бўлиб мадҳияни уйимизда баралла куйлаганмиз”.

Абдулла Орипов Совет даври ҳақида

Аввалги мафкура, айниқса Сталин ҳаётлиги даврида шоирлар шахс сифатида ўз юрагини очолган эмас эди. Кейинги даврдаги муҳит шарофати билан бизнинг авлод шоирлари юракдаги дардларини аста-секин оча бошладилар, бу дардлар халқнинг умумий дардига, халқнинг пинҳона кайфиятига бир қадар мос тушди ва ўқувчилар неча ўн йиллардан буён эшитилмаган оҳангларга қулоқ тута бошлади. Аста-секинлик билан ёлғонни ёзишга умуман эҳтиёж қолмади. Айниқса, Ўзбекистон мустақиллигидан кейин кўпчилигимиз беҳудага лайлак ҳайдаб юрганимиз маълум бўлиб қолди.

Абдулла Ориповнинг шеърий тўпламлари

1965 йилда шоирнинг “Митти юлдуз” номли мўжазгина биринчи шеърий тўплами нашр этилади. Шундан сўнг шоирнинг “Кўзларим йўлингда”, “Онажон”, “Руҳим”, “Ўзбекистон”, “Хотирот”, “Юртим жамоли”, “Юзма-юз”, “Ҳайрат”, “Нажот қалъаси”, “Йиллар армони”, “Ҳаж дафтари”, “Ишонч кўприклари”, “Муножот”, “Сайланма”, “Дунё”, “Шоир юраги” каби шеърий тўпламлари нашр этилади.
Шоирнинг шеърий тўпламлари ҳамон катта ададларда босилади. Унинг номини абадийлаштириш мақсадида “Адиблар хиёбони”да, Қарши шаҳрининг марказида ҳайкаллари ўрнатилган. Абдулла Орипов номи билан у туғилиб ўсган вилоятнинг марказида ижод мактаби очилган.
Абдулла Орипов

Абдулла Орипов мукофотлари

Шоир Абдулла Орипов 1998 йили Ўзбекистон Қаҳрамони унвони, 1983 йили Ўзбекистон ССР Халқ шоири, 1994 йил “Дўстлик” ордени, 1991 йил “Халқлар дўстлиги” ордени, 2015 йил Италия Юлдузи ордени билан мукофотланган.
1996 йил театр санъати ривожи, қирғиз ва ўзбек халқлари ўртасидаги дўстликни мустаҳкамлашга қўшган ҳиссаси учун Қирғизистон Республикаси фахрий ёрлиғи
1983 йили Ҳамза номидаги Ўзбекистон ССР Давлат мукофоти, 1994 йили Алишер Навоий номидаги Давлат мукофоти, 2007 йил “WIPO Creativity Award” олтин медали билан тақдирланган.