ТОШКЕНТ, 20 мар — Sputnik. Германиянинг GP Papenburg AG компанияси Ўзбекистонда пуллик автойўллар қуриш билан шуғулланиши мумкин, деб хабар берди Sputnik мухбири.
Маълум қилинишича, Автомобил йўллари давлат қўмитасида қўмита раиси А.Абдувалиев ҳамда немис компанияси бошқаруви раиси Гюнтер Папенбург ўртасида учрашув бўлиб ўтди. Томонлар GP Papenburg AG компаниясининг Ўзбекистон автомобил йўллари қурилишида давлат-хусусий шерикчилиги шартлари асосида иштироки имкониятларини муҳокама қилди.
Немис компанияси МДҲ давлатларида иш олиб бориш бўйича етарлича тажрибага эга. Кейинги бир неча йил давомида компания Озарбайжон, Қозоғистон, Ўзбекистон ва бошқа мамлакатларда цемент-бетон ва асфальт-бетон қопламали автомагистрал йўллар қуриш бўйича қатор лойиҳаларни амалга оширган.
Учрашувда шунингдек, "Телтомат" асфальт қориштирув заводларини ишлаб чиқариш ва таъмирлаш ҳамда асфальт-бетон қопламаларни регенерация қилиш билан шуғулланувчи қўшма корхона ташкил этиш масалалари муҳокама қилинди.
Германия компанияси раҳбари унинг корхонаси "Телтомат" заводларини модернизация қилишга ихтисослашган махсус дастурларга эга эканлигини ҳамда асфальт қориштирувчи завод мажмуаларини йиғиш бўйича ўзбекистонлик мутахассисларни Германияда қайта ўқитишга тайёр эканликларини таъкидлади.