Келаси ҳафта Human Rights Watch делегацияси Ўзбекистонга келади

Human Rights Watch — дунёнинг 70та мамлакатида инсон ҳуқуқлари бузилишини мониторинг, тафтиш ва қайд қилиб борувчи халқаро нодавлат ташкилот.
Sputnik

ТОШКЕНТ, 18 мар — Sputnik. Келаётган ҳафтада Human Rights Watch — халқаро ҳуқуқни ҳимоя қилувчи ташкилот делегацияси вакиллари Ўзбекстонга келади, деб хабар қилмоқда Sputnik мухбири.

Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш Миллий маркази директори, Олий Мажлис депутати Акмал Саидов Ўзбекистон барча халқаро ташкилотлар билан, жумладан ҳуқуқни ҳимоя қилиш соҳасида ҳам, конструктив суҳбат қуришга тайёр эканини хабар қилди.

“Human Rights Watch ваколатхонаси Ўзбекистонда 2011 йилда Олий суд қарори билан ёпилган эди. Шунга қарамасдан, бизнинг Ҳукумат мулоқотга очиқлиги туфайли, ўтган йили ушбу ташкилот вакиллари Ўзбекистонга келишди. Мен улар билан учрашган эдим. Келаётган ҳафтада, 21 март куни ушбу делегация яна бир бор Ўзбекистонга ташриф буюради”, — деди Саидов.

Суҳбатдош айтишига қараганда Human Rights Watch Ўзбекистонда ўз ваколатхонасини қайта очишни режалаштирган.

HRW: Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари борасида янги саҳифа очди

“Ушбу ташкилот ўз ваколатхонасини қайтадан очишни режалаштирган. Лекин бу ерда айрим ҳуқуқий қарама-қаршиликлар бор. Айни дамда ушбу муаммо устида Адлия вазирлиги ишламоқда. Лекин бу бизнинг конструктив суҳбатимизга асло зид эмас ва ушбу делегация вакиллари учун виза олиш, уларнинг ҳар қандай ҳудудда ҳар қандай ташкилот ёки фуқаро билан билан учрашувини ташкил қилишда муаммо туғдирмайди”, — деди Саидов.

Эслатиб ўтамиз, Тошкентда Human Rights Watch ташкилоти ваколатхонаси дастлаб 1996 йилда очилган эди. 2011 йилда эса, Олий суд қарорига асосан, унинг фаолияти тўхтатилган эди.

Human Rights Watch — штаб-квартираси АҚШда жойлашган нодавлат ташкилот бўлиб, у дунёнинг 70та мамлакатида инсон ҳуқуқлари бузилишини мониторинг, тафтиш ва қайд қилиб боради.