Британия Ўзбекистон ҳарбийларини ўқитишда ёрдам кўрсатади

Британия Ўзбекистон ҳарбий хизматчиарини ўзининг энг нуфузли ҳарбий олийгоҳларида ўқиши учун ёрдам кўрсатишига тайёр эканини маълум қилди.
Sputnik

ТОШКЕНТ, 18 мар — Sputnik. Ўзбекистон Мудофаа вазири генерал-майор Абдусалом Азизов Буюк Британиянинг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва Мухтор элчиси Кристофер Аллан билан учрашув ўтказди, деб хабар қилмоқда Ўзбекистон Мудофаа вазирлиги матбуот хизмати.

Ўзбекистон ва Хитой ҳарбий таълим соҳасида ҳамкорлик қилади

Учрашувда Ўзбекистон ва Буюк Британия Мудофаа вазирликлари орасида ҳамкорлик алоқалари ривожланиб ораётгани қайд этилди ҳамда ўзаро англашув Меморандуми имзоланди. Имзоланган ҳужжат ҳарбий таълим, кадрлар тайёрлаш, инглиз тилини ўрганиш, ўзаро ҳарбий машғулотлар ўтказиш, ўзбекистонлик кузатувчиларнинг Британияда ўтказилаётган ҳарбий ўқув-мшғулотларида кузатувчи сифатида иштирок этиши каби масалалар бўйича ҳамкорлик қилишни назарда тутган.

Кристофер Аллан Ўзбекистон ҳарбий хизматчиларининг Сандхерстдаги Қироллик ҳарбий академияси ва бошқа Британиядаги нуфузли ҳарбий таълим муассасаларида таҳсил олишида Британия томони ҳамкорлик кўрсатишга тайёр эканини билдирди.

Ундан ташқари, Британия элчиси Афғонистонда жойлашган Буюк Британия қуролли кучларига юкларни транзит билан олиб ўтилиши масалаларида яқиндан кўмак берилаётгани учун Ўзбекистон ҳукуматига миннатдорчилик билдирди.

Учрашув давомида Ўзбекистон разведкачиларининг Буюк Британияда бўлиб ўтган “Cambrian patrol” танловида муваффақиятли иштироки ҳам қайд этилди. Эслатиб ўтамиз, 2017 йилнинг 10-17 октябрь кунлари Буюк Британиянинг Брэкон шаҳрида қўшин разведкачилари ўртасида бўлиб ўтган нуфузли “Кембрия патрули” халқаро танловида Ўзбекистон разведкачилари иккинчи ўринни эгаллашган эди.