ТОШКЕНТ, 17 мар — Sputnik. Ўзбекистон президенти матбуот котиби Комил Алламжонов Facebook ижтимоий тармоғидаги саҳифасида Самарқандда йўл-транспорт ҳодисаси оқибатида ҳалок бўлган 23 ёшли ўқитувчи аёлнинг ўлими сабаблари ўрганилаётганини маълум қилди.
"Матбуот котибига савол: ҳокимлар президент келишидан сал олдин асосан ўқитувчиларни катта ва кичик йўл ёқаларига чиқариб, тозалаш ишларига "мажбурлайдилар". Шу тўғрими? Ёки бу кичкина масала ҳисобланадими? Бир неча кун олдин Самарқанд катта кўчасини тозалаётган вақтда 23 ёшли ўқитувчи машина уриб кетиши натижасида вафот этган. Умуман, шу каби "ҳокимларга хос" анъана қачон тугатилади?" — дея савол берган фойдаланувчилардан бири.
Президент матбуот котиби фожиага олиб келган сабаблар ўрганилаётганини маълум қилган ҳамда марҳуманинг оила аъзолари ва яқинларига таъзия билдирган.
"Бўлиб ўтган ҳодиса албатта жуда ачинарли. Фожиага олиб келган сабаблар ҳозирда ўрганилмоқда. Натижасига кўра тегишли чоралар белгиланади. Ўз номимдан марҳуманинг оила аъзолари ва яқинларига чуқур таъзия изҳор этаман", — дейилади Комил Алламжоновнинг жавобида.
Маҳаллий ОАВнинг хабар беришича, 2018 йил 14 март куни Самарқанд вилояти Каттақўрғон туманида магистрал йўлни тозалаш ишларига жалб этилган тумандаги 42-ўрта мактаб ўқитувчиси, 23 ёшли Диана Иникова йўл-транспорт ҳодисаси оқибатида ҳалок бўлган.