Камилов ва Лавров ўртасида телефон мулоқоти бўлиб ўтди

Тошкентда бўлиб ўтадиган Афғонистон бўйича юқори даражадаги халқаро конференция мулоқотнинг асосий мавзуси бўлди
Sputnik

ТОШКЕНТ,17 мар — Sputnik. Ўзбекистон ва Россия ташқи ишлар вазирлари Абдулазиз Камилов ва Сергей Лавров телефон орқали мулоқотда Тошкентда бўлиб ўтадиган Афғонистондаги вазиятни барқарорлаштириш бўйича конференцияга тайёргарлик масалаларини муҳокама қилди. Бу ҳақда Ўзбекистон ТИВ матбуот хизмати хабар берди.

Тошкентда ўтадиган Афғонистон бўйича анжуманга Қатар ҳам таклиф этилди

"17 март куни мунтазам сиёсий маслаҳатлашувлар амалиёти доирасида Ўзбекистон Республикаси ташқи ишлар вазири Абдулазиз Камиловнинг Россия Федереацияси ташқи ишлар вазири Сергей Лавров билан телефон орқали мулоқоти бўлиб ўтди", — дейилади ТИВ хабарида.

Матбуот хизматининг маълум қилишича, Тошкентда бўлиб ўтадиган Афғонистон бўйича юқори даражадаги халқаро конференция мулоқотнинг асосий мавзуси бўлди.

Вазирлар, хусусан, тайёргарлик жараёни, конференция мазмун-мундарижаси, Тошкент анжуманининг якуний ҳужжати лойиҳаси ва афғон муаммосини сиёсий ҳал қилиш масаласи бўйича ҳамкорликдаги келгуси саъй-ҳаракатларни муҳокама қилишди.

"Томонлар Афғонистон марказий ҳукумати ва "Толибон" ҳаракати ўртасида тўғридан-тўғри музокараларни йўлга қўйиш зарурлиги борасида якдил фикр билдирди", — дейилади хабарда.

Афғонистон бўйича халқаро конференция Тошкентда 26-27 март кунлари бўлиб ўтади.

Ўзбекистон ТИВнинг маълумот беришича, Афғонистондаги вазиятни барқарорлаштириш бўйича халқаро конференцияда иштирок этиш учун ЕИ ташқи сиёсат хизмати раҳбари, БМТ бош котиби, Хитой ташқи сиёсат маҳкамаси раҳбари таклиф этилган. АҚШ давлат котибининг биринчи ўринбосари, Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавров ҳам анжуманда иштирок этади.