Франция компанияси Ўзбекистонда коммунал хизматларни яхшилаш билан шуғулланади

"Veolia" компанияси ҳамда Ўзбекистон Ҳукумати ўртасида "Наманган шаҳрининг иссиқлик таъминотини ривожлантириш" ҳамда "Тошкент шаҳрининг ичимлик суви таъминотини яхшилаш" лойиҳаларини амалга ошириш бўйича келишув меморандуми имзоланди
Sputnik

ТОШКЕНТ, 17 мар — Sputnik. Франциянинг "Veolia" компанияси Наманган ва Тошкент шаҳарларида иссиқлик ва ичимлик суви таъминотини яхшилаш бўйича лойиҳаларни амалга оширади. Бу ҳақда Ўзбекистон Молия вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.

Хабарда айтилишича, Ўзбекистон Молия вазирлиги томонидан Франциянинг "Veolia" компанияси билан Ўзбекистонда коммунал хизматларни ривожлантиришга қаратилган лойиҳаларни амалга ошириш бўйича бир қатор учрашув ва муҳокамалар ўтказилди.

Коммунал тўловлар бўйича қарздорлик пластик карточкадан сўзсиз ечиб олинади

Учрашувлар ва ҳудудларда кўрсатилаётган коммунал хизматларнинг сифатини яхшилаш бўйича ўтказилган ўрганишлар натижасида Франциянинг "Veolia" компанияси ҳамда Ўзбекистон Ҳукумати ўртасида "Наманган шаҳрининг иссиқлик таъминотини ривожлантириш" ҳамда "Тошкент шаҳрининг ичимлик суви таъминотини яхшилаш" лойиҳаларини амалга ошириш бўйича келишув меморандуми имзоланди.

Маълум қилинишича, ушбу лойиҳаларнинг амалга оширилиши истеъмолчиларга ичимлик суви ҳамда иссиқлик энергиясини етказиб беришдаги йўқотишлар ва атроф-муҳитга салбий таъсир кўрсатувчи омилларнинг камайишига ҳамда аҳолига кўрсатилаётган коммунал хизматларнинг сезиларли даражада яхшиланишига олиб келади.

Келажакда бу каби лойиҳаларни мамлакатнинг бошқа шаҳар ва туманларида, шу жумладан, олис ҳудудларида ҳам амалга ошириш кўзда тутилмоқда.

Маълумот учун, "Veolia" компанияси ресурсларни бошқариш соҳасида жаҳондаги етакчи компания бўлиб, коммунал ва шаҳар хўжалиги соҳасида 160 йиллик тажрибага эга. Компания сув ресурслари ва чиқиндиларни бошқариш, энергия истеъмоли борасида комплекс ечимлар ишлаб чиқиш ва тақдим этиш билан шуғулланади.