ТОШКЕНТ, 16 мар — Sputnik. Ўзбекистонда транспорт воситалари эгаларининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурталаш полиси нархини икки бараварга тушириш режалаштирилмоқда, деб хабар берди Sputnik мухбири.
Бугунги кунда бундай суғурта полиси нархи 400 минг сўмдан ортиқроқдир. Ўзгаришларга асосан, яқин вақт ичида бу нархни 200 минг сўмгача этиб белгилаш режалаштирилмоқда.
"Бундан ташқари, яна бир янгилик – ранглари билан фарқ қилиб турувчи икки хил суғурта бланкини жорий этишни режалаштирмоқдамиз. Ҳозирда суғуртанинг барча турлари учун ягона универсал бланкдан фойдаланилади, эндиликда чекловларсиз алоҳида суғурта бланкини ажратиш режалаштирилмоқда", — деди Транспорт воситалари эгаларининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш бўйича тўловларни кафолатлаш жамғармаси директори Латиф Зокиров Sputnik мухбири билан суҳбатда.
Унинг сўзларига кўра, бу суғурта полисининг нотўғри қўлланилиши, турли кўринишдаги товламачиликларнинг олдини олади ҳамда уни олиш жараёнини шаффоф ва осонлаштиради.
Эслатиб ўтамиз, "Транспорт воситалари эгаларининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш тўғрисида"ги қонун 2008 йил апрелда қабул қилинган. Унда транспорт воситасига эгалик қилиш ҳуқуқи вужудга келганда транспорт эгаси унга эгалик қилиш ҳуқуқи вужудга келган кундан эътиборан ўн кундан кечиктирмай ўз фуқаролик жавобгарлигини суғурталаши шартлиги кўрсатилган. Мажбурий суғурта шартномаси бир йил муддатга тузилади.