Ўзбекистонда меҳнат мигрантларини автобусда ташиш бўйича компания тузилди

Ҳозирги вақтда автобусларда видеокузатув тизимини таъминлаш масалалари ҳал қилинмоқда.
Sputnik

ТОШКЕНТ, 14 мар — Sputnik. Ўзбекистонда меҳнат мигрантларини халқаро автобусда ташишни ташкил этиш бўйича махсус компания тузилди, деб хабар қилди Sputnik мухбири.

Ўзбекистон ва Россия тез орада Тошкент — Новгород автобус қатновини йўлга қўяди

Компаниянинг таъсисчилари автомобил транспорти агентлиги (51%) ва Миллий банк (49%) бўлишди.

"Янги компания учун халқаро йўловчилар ташиш бўйича барча талабларга жавоб берадиган автобуслар харид қилинади. Ҳозирги вақтда Хитой, Жанубий Корея ва Германия компаниялар билан музокаралар олиб бормоқдамиз. Биринчи навбатда 100 автобус харид қилиш режалаштирилган. Кейинчалик талабдан келиб чиққан ҳолда автобус парки кўпайтирилади", — деб таъкидлади агентлик бошлиғи ўринбосари Шоолим Шавахабов.

Техник ускуналар паркини янада кенгайтириш мақсадида молиялаштириш давлат кафолати остида хорижий банкларнинг кредитлари ҳисобидан амалга ошириш кўзда тутилган. Бундан ташқари, компания Миллий банкдан 20 миллион долларлик имтиёзли кредит олади.

Ҳозирги вақтда автобусларда видеокузатув тизимини таъминлаш масалалари ҳал қилинмоқда. Шунингдек, автобуслар автовокзалларда синчковлик билан техник кўрикдан ўтказилади.

Бундан аввал президент Шавкат Мирзиёев халқаро автобус қатновларини йўлга қўйиш зарурлиги ҳақида гапириб ўтганди. Маълум бўлишича, Россия ва Қозоғистонга меҳнат қилиш мақсадида йўлга чиқаётган фуқаролар йўл кира арзонлиги учун автобусда боришни маъқул кўришади.

Улар текширувдан ўтмаган эски техникадан фойдаланувчи хусусий ва ноқонуний ташувчиларга мурожаат қилишлари оқибатида турли нохуш ҳодисалар юз бермоқда. Яқинда Оқтўба вилоятида Россияга кетаётган автобус ёниб кетиши оқибатида унинг ичида бўлган 52 ўзбекистонлик фуқаро ҳалок бўлганди.

Яқин ойлар ичида Тошкент — Нижний Новгород йўналиши бўйича биринчи халқаро автобус қатновини йўлга қўйилади. Биринчи босқичда ушбу йўналиш бўйича автобуслар ҳаракатини Россия томони таъминлайди. Ҳозирда Ўзбекистон автомобиль транспорти агентлиги Россиянинг барча манфаатдор ташувчи ва мутасадди органлари билан музокаралар олиб бормоқда.